12 октябрь, душанба куни бир қатор оммавий ахборот воситалари португалиялик ҳужумчи Криштиану Роналдунинг шов-шувли баёнотларини тарқатди. Бироқ кейинроқ ушбу фикрлар янги эмаслиги маълум бўлди.
Тарқалган иқтибосларда Роналдунинг Лионель Месси билан рақобати, футбол тарихидаги энг буюк ўйинчилар ҳақидаги қарашлари ҳамда фаолияти давомида 1000 та гол уриш мақсади хусусида сўз борган.
Дастлаб ушбу фикрлар португалиялик футболчининг янги интервьюсида айтилгандек таассурот уйғотган.
Аммо кейинчалик Роналду бу баёнотларни 2025 йилда бергани аниқланди.
Маълум бўлишича, CNN телеканалининг Португалиядаги бўлими футболчининг аввалги интервьюсини янги материал сифатида жойлаштирган. Натижада кўплаб ахборот манбалари уни долзарб интервью деб қабул қилиб, Роналдунинг фикрларини алоҳида хабарлар сифатида тарқатган.
Ҳозирда мазкур интервьюнинг видеоси жойлаштирилган ҳавола орқали материални томоша қилиш имкони йўқ.
Саҳифада «Афсуски, сиз излаётган материал мавжуд эмас. Эҳтимол, саҳифа ўчирилган ёки ундан фойдаланиш имконияти чекланган» деган хабар пайдо бўлмоқда.
Шундан сўнг бир қатор оммавий ахборот воситалари ўз хабарларига тузатиш киритиб, Роналдуга тегишли иқтибослар аслида 2025 йилда айтилганини қайд этди.
Шу тариқа, ижтимоий тармоқлар ва ОАВда кенг муҳокама қилинган баёнотлар футболчининг янги интервьюсидан олинмагани ойдинлашди.













