Испания қироллик футбол федерациясида Мадриднинг «Реал» клуби ҳакамларни ҳаддан ташқари кескин танқид қилмоқда, деб ҳисоблашади. Айниқса, «қаймоқранглилар» клуб телеканали вакиллари ҳакамлик борасида қаттиқ танқидий фикрлар билдириб, Ла Лигани очиқчасига «Негрейра чемпионати» деб аташмоқда.
Cadena SER нашри хабар беришича, Испания футбол федерациясида «Реал»нинг бундай чиқишларидан хавотир билдирилмоқда. RFEF фикрича, «қироллик клуби» ўз ҳаракатлари билан «Эль-Класико» арафасида ҳакамлар атрофида душманона муҳитни юзага келтирмоқда. Ваҳоланки, бундай учрашувларда ҳакамларга шусиз ҳам кўпинча осон бўлмайди.
Лига раҳбарияти фикрича, «Реал» ўринсиз эътирозлар билдириб, ҳатто ҳакамларнинг тўғри қарорлари атрофида ҳам жанжалларни авж олдирмоқда.
Испания футболидаги икки гранд ўртасидаги учрашув 25 октябрь куни Ла Лиганинг 10-тури доирасида бўлиб ўтади.













