«Манчестер Сити» ҳимоячиси Рубен Диаш Англия клуби атрофида юзага келган вазият ҳамда жамоа сардори сифатидаги масъулияти ҳақида фикр билдирди.
Португалиялик футболчи молиявий қоидалар бузилиши билан боғлиқ жараёнлар давом этаётган бир пайтда жамоа бирдамлигини сақлаш ва клуб манфаатларини ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлади.
«Ҳар қандай мавсумда бўлгани каби, сардор жамоа билан бирга бўлиши ва зарур вазиятларда унга ёрдам бериши керак. Ҳозир олдимизда аввалгиларидан бироз фарқ қиладиган синов турган бўлиши мумкин. Бироқ ўтмишда ҳам шунга ўхшаш ҳолатларга дуч келганмиз.
Мен бу синовга тайёрман. Қолган уч нафар сардор ва бутун жамоа ҳам шундай кайфиятда. Биз клубимизни ҳимоя қиламиз, унинг учун курашамиз ва унга ишонамиз», — дея Диашнинг сўзларини келтиради BBC.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мустақил комиссия «Манчестер Сити»ни Англия Премьер-лигасининг молиявий қоидаларини бузганликда айбдор деб топгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ клубга нисбатан қўлланиши мумкин бўлган санкциялар юзасидан ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган.
«Манчестер Сити» навбатдаги учрашувини 14 октябрь куни УЕФА Чемпионлар лигаси доирасида Франциянинг «ПСЖ» жамоасига қарши ўтказади.













