"Манчестер Сити" сафарда "Ливерпуль" устидан қозонилган йирик ғалабадан сўнг яна бир қоидабузарликка йўл қўйди. Англия Премьер-лигасининг 6-туридан ўрин олган учрашув 11 октябрь куни бўлиб ўтди ва "шаҳарликлар"нинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ "Манчестер Сити" молиявий қоидабузарликларда айбдор деб топилган эди. Клуб ўз даромадларини 1 миллиард еврога ошириб кўрсатган.
talkSPORT нашрининг хабар беришича, учрашувдан сўнг "Манчестер Сити" яна бир қоидани бузган. Радиостанция вакиллари жамоа бош мураббийи Энцо Марескадан интервью олишга ҳаракат қилган, аммо клуб бунга рад жавобини берган. Шу билан бирга, рад этиш сабаби тушунтирилмаган.
Таъкидланишича, бу Англия Премьер-лигаси регламентининг тўғридан-тўғри бузилиши ҳисобланади. Чунки ўйинларни радио орқали трансляция қилиш лицензиясига эга ҳар қандай радиокомпания ҳар икки жамоанинг камида битта футболчиси ва бош мураббийларидан интервью олиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, кейинроқ Мареска Sky Sports билан суҳбатлашгани ва матбуот анжуманида бошқа оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб бергани қайд этилган.













