Франция терма жамоаси собиқ футболчиси, жаҳон чемпиони Кристоф Дюгарри «ПСЖ»нинг Европа Чемпионлар лигасида «Манчестер Сити» устидан қозонган ғалабасидан (4:2) кейин Париж клубининг ўйинига юқори баҳо берди.
Луис Энрике бошчилигидаги жамоа Англияда кечган учрашувнинг 32-дақиқасига келиб, рақиб дарвозасига учта гол уриб улгурган эди.
Чоршанба куни бўлиб ўтган мазкур баҳс Чемпионлар лигаси умумий босқичининг 2-тури доирасида ўтказилди.
Дюгаррининг фикрича, Париж клуби айни пайтда бошқа жамоалардан анча юқори савияда футбол намойиш этмоқда. У «ПСЖ»нинг биринчи бўлимдаги техник маҳоратини алоҳида эътироф этди.
«ПСЖ» барча рақибларидан сезиларли даражада устун. Бугунги учрашув бошқа жамоалар учун жуда жиддий огоҳлантириш бўлди.
Биринчи бўлимда «ПСЖ» ақлбовар қилмас футбол намойиш этди. Жамоанинг техник маҳорати шунчаки тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада эди.
Улар майдонга тўғри руҳий тайёргарлик билан тушса, исталган рақибни тор-мор этишга қодир», — дея Дюгаррининг сўзларини келтиради Actu Foot.
Қайд этиш жоиз, «ПСЖ» Чемпионлар лигаси умумий босқичининг дастлабки икки турида 6 очко жамғариб, турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди.
Парижликлар ушбу икки учрашувда рақиблар дарвозасига 10 та гол уриб, ўз дарвозасидан 3 та тўп ўтказиб юборган.













