Лондоннинг «Арсенал» клуби қишки трансфер ойнасида янги марказий ҳимоячини таркибга қўшиб олишни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Teamtalk нашри хабар бермоқда.
«Канонирлар» эътибори Мюнхеннинг «Бавария» клубида тўп сураётган жанубий кореялик Ким Мин Жэга қаратилган. Шунингдек, лондонлик яна бир жамоа — «Тоттенхэм» ҳам футболчига қизиқиш билдирмоқда.
29 ёшли осиёлик футболчининг трансфер қиймати Transfermarkt портали томонидан 20 миллион еврога баҳоланмоқда. Жэнинг «Бавария» билан амалдаги шартномаси 2028 йилнинг ёзида якунига етади.
Жорий мавсумда тажрибали ҳимоячи Германия Бундеслигасида учта учрашувда майдонга тушиб, битта сариқ карточка олди.













