Уч ярим соат давом этган йиғилишда Инфантино узр сўраган бўлса-да, бир қатор саволларга, жумладан, тижорий ҳуқуқларни хусусий қўлларга ўтказиш режасига оид ҳужжатларни тақдим этиш талаби бўйича жавоб бермаган. Бу ҳақда ФИФА вице-президенти Дебби Хьюитт маълум қилди.
«Энг кўнгилни қолдирадиган жиҳати — аниқ талабларимиздан бирортасига жавоб олмадик. Масалан, FFE бўйича ҳужжатларни тақдим этишни сўрадик. “Нега йўқ?” деб сўраганимда, саволларни ёзма равишда юборишимиз таклиф қилинди.
Менимча, Инфантино бу саволларга жавоб бериши шарт. Агар жавоб бермаса, у ФИФА президенти лавозимига муносиб эмас», — дея Хьюиттнинг сўзларини келтиради BBC.













