Украиналик боксчи Владимир Кличко россиялик Александр Поветкинни мағлубиятга учратди. 12 раунд давом этган жанг якунида ҳакамлар бир овоздан Кличкони ғолиб деб топишди — 119-104, 119-104, 119-104.
Рус боксчиси жангни фаол ва ҳужумкорлик билан бошлади. Кличко эса тезда вазиятдан чиқиб кетди ва рақибига бир нечта аниқ зарбалар берди. Баҳс давомида Александр бир неча маротаба нокдаунга тушди. Еттинчи раундда эса у бирданига 3 марта нокдаунни бошидан ўтказди. Аммо у баҳсни давом эттиришга муваффақ бўлди. Сўнгги раундларни Поветкин яна фаол ўтказган бўлса-да, тактик жиҳатдан яхши ҳаракат қилган украиналик боксчи жангни ғалаба билан якунлади.
37 ёшли украиналик боксчи бирданига 3та — WBA версияси бўйича "суперчемпионлик", WBO ва IBF версияларининг чемпионлик камарларини ҳимоя қилди. Ушбу баҳс туфайли Кличколарнинг кичиги 17 миллион, Поветкин эса 6 миллион доллар гонорар олади.
WBA чемпионлик камарига эгалик қилаётган 24 ёшли россиялик спортчи фаолиятидаги илк мағлубиятини ўз статистикасига ёзиб қўйди. Кличко эса ўзининг 64-жангида 61-ғалабасига эришди.