«Бетис» бош мураббийи Мануэль Пеллегрини «Барселона»га қарши ўйин олдидан матбуот анжуманида иштирок этди. Испания чемпионати доирасидаги учрашув 17 октябрь куни бўлиб ўтади.
Журналистлар ундан каталонияликлар бош мураббийи Ханс-Дитер Флик билан ўхшаш жиҳатлари бор-йўқлиги ҳақида сўрашди.
«Ханси Флик билан ўхшашлигимиз ҳақида гапириш учун уни етарлича яхши танимайман. Замонавий технологиялар, катта маълумотлар базаси ва бошқа шу каби воситаларга келсак, барчамиз бу маълумотлардан фойдаланиш имкониятига эгамиз. Энг муҳими — улардан тўғри фойдаланишни билиш», — деди Пеллегрини.
«Юқори даражадаги мураббий бўлиш учун кўплаб омилларни ҳисобга олиш керак. Фақат майдондаги футболчиларнинг айрим ҳаракатларини кузатишнинг ўзи етарли эмас. Барча мураббийларда бундай маълумотлар мавжуд. Улар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас, аммо барибир муҳим», — дея қўшимча қилди мутахассис.
«Барселона» 24 очко билан Испания чемпионатида пешқадамлик қилмоқда. «Бетис» эса 19 очко билан учинчи ўринда бормоқда.













