"Барселона"нинг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Дани Ольмо узоқ танаффусдан сўнг илк голини уришга муваффақ бўлди.
28 ёшли футболчи шанба куни Испания Ла Лигаси доирасида "Бетис"га қарши ўтказилган учрашувнинг 62-дақиқасида захирадан майдонга тушди. 81-дақиқада эса рақиб дарвозасини ишғол қилиб, баҳсдаги якуний ҳисобни ўрнатди — 5:2.
Ушбу гол испаниялик футболчи учун 15 мартдан буён, яъни етти ойдан ортиқ вақт ичидаги илк гол бўлди.
"Анчадан буён гол урмаётган эдим, аммо бу мени ташвишлантирмайди. Мен фақат жамоамизнинг ғалаба қозонишини истадим. Ғалаба қозониб, уч очкони қўлга киритганимиздан жуда хурсандман.
Мен голлар уришни, голли узатмаларни амалга оширишни ва ҳар томонлама "Барселона"га ёрдам беришни хоҳлайман", — дея Ольмонинг сўзларини келтиради Barca Universal.
Жаҳон чемпиони жорий мавсумда "Барселона" сафида 11 та учрашувда майдонга тушиб, тўртта голли узатмани ҳам ўз ҳисобига ёздириб қўйган.













