Италия терма жамоаси ва «Рома» клубининг собиқ ҳужумчиси Франческо Тотти коронавирус билан касалланган даврида ҳаёти жиддий хавф остида қолганини маълум қилди.
Афсонавий футболчи касалликни қандай оғир ўтказгани ҳақида сўзлаб берди.
«Ўлимимга бир баҳя қолганди. Отам ҳам шу касалликдан вафот этган. Мени шифохонага олиб кетишмоқчи бўлишган. Уч ҳафта давомида тана ҳароратим 39 даража бўлди, нафас олишга қийналдим.
Шунга қарамай, омон қолишга муваффақ бўлдим. Ваҳоланки, ўша пайтда ҳаёт ва ўлим орасида эдим», — дея Тоттининг сўзларини келтиради Corriere della Sera нашри.
Эслатиб ўтамиз, Тотти бутун профессионал фаолиятини «Рома»да ўтказган. Шунингдек, Италия терма жамоаси сафида 58 та учрашувда майдонга тушиб, 9 та гол урган.













