«Ноттингем Форест» ярим ҳимоячиси Морган Гиббс-Уайт йўл ҳаракати қоидабузарлиги бўйича полиция сўровларига жавоб бермагани учун жаримага тортилди.
Nottingham Post нашрининг хабар беришича, жорий йилнинг 28 январь куни кузатув камераси футболчига тегишли Range Rover автомобили светофорнинг қизил чироғи ёнганидан 1,1 сония ўтиб ҳаракатни давом эттирганини қайд этган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳолатни ўрганиш жараёнида автомобилнинг маълумотлар базасидаги давлат рақами ҳақиқий рақамидан битта ҳарф билан фарқ қилишини аниқлаган.
Апрель ойида машина яна тўхтатилган ва унинг Гиббс-Уайтга тегишли экани тасдиқланган.
Шундан сўнг полиция футболчига қоидабузарлик вақтида рулда ким бўлганини аниқлаш мақсадида икки марта хат юборган. Бироқ Гиббс-Уайт сўровларга жавоб қайтармаган.
Ўтган ҳафта суд уни ҳайдовчи ҳақида талаб қилинган маълумотни тақдим этмаганликда айбдор деб топди. Натижада футболчининг ҳайдовчилик ҳисобига 6 та жарима балли қўшилди ва у жами тахминан 1240 евро тўлаши белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, Гиббс-Уайт аввал ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузгани учун жазоланган. 2025 йилнинг май ойида тезликни олти марта оширгани сабаб унинг ҳайдовчилик гувоҳномаси 6 ой муддатга олиб қўйилганди.













