"Манчестер Юнайтед" қишки трансфер ойнасида ҳимоя чизиғини кучайтириш мақсадида "Рома"нинг бразилиялик футболчиси Уэслини ўз сафига қўшиб олиш имкониятини кўриб чиқмоқда.
Teamtalk нашри журналист Пит О'Рурк маълумотига таяниб хабар беришича, манкунианликлар январь ойида футболчи трансфери бўйича таклиф билан чиқиши мумкин.
"Қизил иблислар" раҳбарияти Уэслини ҳимоянинг чап қаноти учун муносиб номзод сифатида баҳоламоқда. Айни пайтда ушбу позиция жамоанинг муаммоли нуқталаридан бири ҳисобланади.
Бироқ "Манчестер Юнайтед" бразилиялик футболчига қизиқиш билдираётган ягона клуб эмас. Лондоннинг "Арсенал" жамоаси ҳамда "Ньюкасл" ҳам Уэслини ўз сафига қўшиб олиш имкониятларини ўрганмоқда.
"Рома" эса ҳимоячисини арзон нархга қўйиб юбормоқчи эмас. Маълумотларга кўра, Рим клуби футболчининг трансфери учун тахминан 60 миллион евро талаб қилади.
Шу тариқа, Уэсли қишки трансфер ойнасида Англия Премьер-лигаси клублари ўртасидаги рақобат марказига айланиши мумкин.













