Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду интизомий жазосини енгиллаштиришни сўраб, мамлакат футбол федерациясига мурожаат қилди.
Record нашрининг хабар беришича, 41 ёшли футболчи ўзининг футбол ривожига қўшган катта ҳиссаси ва спортдаги ютуқлари жазони юмшатиш учун асос бўлиши кераклигини таъкидлаган.
Аввалроқ Роналду УЕФА Миллатлар лигаси доирасида Норвегияга қарши ўтказилган учрашувдан сўнг интизомий жавобгарликка тортилган эди. Португалияликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган баҳсда бош мураббий Жорже Жезуш тажрибали ҳужумчини майдонга туширмаган.
Шундан сўнг "Ан-Наср" футболчиси рухсатсиз равишда миллий терма жамоа қароргоҳини тарк этган. Федерация мазкур ҳаракати учун уни бир ойга четлатиб, 255 евро миқдорида жаримага тортган.
Манба маълумотига кўра, Роналду ўз ҳаракати учун белгиланган жазони енгиллаштириш мақсадида учта асосий далилни келтирган.
Биринчиси — футбол ривожига қўшган салмоқли ҳиссаси, иккинчиси — фаолияти давомида эришган спорт ютуқлари, учинчиси эса мазкур иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга ҳал қилувчи ҳисса қўшганидир.
Португалия футбол федерацияси дастлабки икки далилни асосли деб топган, аммо учинчи важни рад этган.
"Ҳодисага оид маълумотларнинг катта қисми очиқ манбаларда мавжуд. Шу сабабли узоқ ва мураккаб текширув ўтказишга зарурат бўлмаган", — дейилади федерация изоҳида.
Шу билан бирга, Роналду интизомий жазога тортилганига қарамай, ноябрь ойидаги миллий терма жамоа учрашувларига чақирилиши мумкинлиги ҳақида ҳам хабарлар тарқалган.













