Дортмунднинг "Боруссия" клуби Озарбайжонда "Сабаҳ" устидан қозонилган қийин ғалабага, аввало, қанот футболчиларининг ҳаракатлари эвазига эришди. Бу ҳақда учрашувдан сўнг "арилар" бош мураббийи Нико Ковач маълум қилди.
Бокудаги учрашув "Боруссия"нинг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Германия клуби сафида Серу Гирасси дубль қайд этди.
"Биз ҳужумда жуда тажовузкор ўйнадик, тез-тез олдинга интилдик. Қанот ҳужумчиларимиз ва қанот ҳимоячиларимиздан жуда яхши фойдаландик, жарима майдончасига кўплаб футболчиларимиз кириб борди", — дея мутахассиснинг сўзларини келтиради УЕФА матбуот хизмати.
Аввалроқ Ковач жамоасининг ўйинидан мамнун қолганини билдирган эди. Унинг фикрича, "Боруссия" яна бир нечта гол уриши керак эди, аммо яратилган имкониятлардан фойдалана олмади.













