Мадриднинг «Реал» клуби собиқ ярим ҳимоячиси Гути Килиан Мбаппе ва Винисиус Жуниорнинг бир жамоада қанчалик самарали ҳаракат қила олиши ҳақидаги саволга жавоб берди.
Собиқ футболчига «Реал»нинг икки асосий юлдузи майдонда мунтазам равишда ўзларининг энг яхши ўйинини биргаликда намойиш этиши учун нима зарурлиги ҳақида савол берилди.
«Жамоада муаммолар пайдо бўлганда, ҳамма доим юлдуз футболчиларга ишора қилади. Гўёки бунга улардан бири ёки бошқаси айбдордек.
Менимча, Мбаппе ва Винисиус биргаликда ўйнай олади. Улар энг юқори савиядаги футболчилар ва ҳар қандай мураббий бундай ўйинчиларни ўз жамоасида кўришни истайди.
Эҳтимол, Винисиус ҳозир «Реал» мухлислари ундан кутаётган даражада эмасдир. У ажойиб ўйин кўрсатган мавсумлар бўлган.
Айни пайтда у ўзининг энг яхши ҳолатида эмас, аммо ҳамма унинг аввалги даражасига қайтишини кутмоқда. Винисиус ҳали «Реал» учун муҳим футболчи бўлади», — деди Гути.













