"Манчестер Юнайтед" ярим ҳимоячиси Бруну Фернандешнинг Англиядаги уйи ўғрилар томонидан талон-торож қилинди.
Португалиялик футболчи Чемпионлар лигасида "Комо"га қарши сафар учрашувида иштирок этаётган вақтда ниқобли шахслар унинг уйига бостириб кирган.
Фернандешнинг қиймати 4 миллион фунт стерлингга баҳоланадиган уйи Чешир графлигининг "Олтин учбурчак" номи билан танилган нуфузли ҳудудида жойлашган.
Маълум қилинишича, жиноятчилар хонадондан қимматбаҳо дизайнерлик тақинчоқлари ва бошқа қимматли буюмларни ўғирлаб кетган.
Воқеадан футболчининг қўшниси хабар топган. У боғ ҳудудида уч нафар нотаниш эркакни пайқаб, полицияни чақирган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари етиб келгунига қадар жиноятчилар воқеа жойидан қочиб улгурган.
"Бруну ва унинг рафиқаси Ана бу воқеадан қаттиқ изтиробда. Клуби шарафини ҳимоя қилиш учун сафарда бўлган пайтингизда уйингизга бегона шахсларнинг бостириб кириши ҳар қандай футболчи учун энг даҳшатли воқеалардан биридир", — дейилади The Sun нашри хабарида.
Ҳозирча ўғирлик содир этилган вақтда Фернандешнинг рафиқаси ва фарзандлари уйда бўлган-бўлмагани маълум эмас.
Эслатиб ўтамиз, "Манчестер Юнайтед" Чемпионлар лигасида "Комо"га 1:4 ҳисобида мағлуб бўлди. Учрашувдан кейин Бруну Фернандеш бош мураббий Майкл Кэррик танлаган тактиканинг тўғрилигига шубҳа билдирган ва бу сўзлари учун танқидларга учраган эди.













