Эстониянинг ERR давлат телерадиокомпанияси Дакарда бўлиб ўтадиган ўсмирлар Олимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларини трансляция қилмайди. Бунга мусобақада Россия ва Беларусь спортчиларининг ўз миллий рамзлари остида иштирок этиши сабаб қилиб кўрсатилган.
Компания сайтида маълум қилинишича, ERR спорт таҳририяти раҳбари Риво Саарна мазкур қарорни расман тасдиқлаган. У Россия ва Беларусь терма жамоаларига стадионга ўз байроқ ҳамда миллий рамзлари билан чиқишига рухсат берилганини “ачинарли ҳолат” деб атади.
“Телеканалимиз ўсмирлар Олимпия ўйинларининг очилиш ва ёпилиш маросимларини тўғридан тўғри олиб бермасликка қарор қилди. Биз бу ҳақда Европа Телерадиоэшиттиришлар Иттифоқи ҳамда Олимпия қўмитасини огоҳлантирдик. Эстониялик спортчиларнинг натижаларини эса фақат ERR спорт портали ҳамда ETV янгиликлар дастури орқали ёритиб борамиз”, дейди Саарна.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро Олимпия Қўмитаси (ХОҚ) ижроия қўмитаси 2025 йилнинг декабрь ойида россиялик ва беларуслик спортчиларга ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда (ҳам яккалик, ҳам жамоавий) ҳеч қандай чекловларсиз иштирок этишга рухсат бериш бўйича тавсия берган эди. Июль ойида эса ХОҚ Россия Олимпия қўмитасига (РОҚ) нисбатан 2023 йил октябрида киритилган чекловни бекор қилди. Бироқ уларнинг турнирларга қўйилиш мақоми тўғридан тўғри халқаро спорт федерацияларининг қарорига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Маълумот ўрнида, Дакардаги ўсмирлар Олимпиадаси 31 октябрдан 13 ноябрга қадар бўлиб ўтади. У Африка қитъасида ўтказилаётган тарихдаги илк Олимпия мусобақаси сифатида тарихга киради. Ушбу ўйинларда қатнашиш учун Россия терма жамоаси таркибидан 13 нафар спортчи жой олган.













