"Манчестер Юнайтед" бош мураббийлик лавозимига Антонио Контени таклиф қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бироқ клуб раҳбарияти италиялик мутахассис номзоди борасида муайян хавотирларга эга.
MufcMPB саҳифаси The Times журналисти Пол Хёрстга таяниб хабар беришича, манчестерликларни Контенинг икки жиҳати ташвишлантирмоқда.
Биринчидан, клуб раҳбарияти италиялик мураббийнинг қизиққон характери жамоада муаммолар келтириб чиқаришидан хавотирда.
Иккинчи масала молиявий талаблар билан боғлиқ. Конте йилига 10 миллион фунт стерлингдан ортиқ маош сўраши мумкин. "Манчестер Юнайтед" бундай шартларга рози бўлишни истамаяпти.
Айни пайтда "қизил иблислар" бош мураббийи Майкл Кэррикнинг келажаги сўроқ остида қолмоқда. Шу сабаб клуб бир нечта мутахассисни эҳтимолий номзод сифатида кўриб чиқаётгани айтилмоқда.
Антонио Конте эса жорий йил ёзида "Наполи"дан кетганидан буён ишсиз юрибди.
56 ёшли мутахассис Англия Премьер-лигасида ишлаш тажрибасига эга. У 2016–2018 йилларда "Челси", 2021–2023 йилларда эса "Тоттенхэм"ни бошқарган.













