Миланнинг "Интер" клуби яримҳимоячиси Анди Диуф бир нечта Европанинг топ-клублари эътиборини тортмоқда. Бу ҳақда инсайдер Экрем Конур ижтимоий тармоқларда хабар берди.
Журналист маълумотларига кўра, 23 ёшли футболчини Лондоннинг "Арсенал" ва "Челси" клублари, шунингдек, Каталониянинг "Барселона"си ҳамда "ПСЖ" ўз сафига қўшиб олишдан манфаатдор.
Франциялик яримҳимоячининг трансфер қиймати 30 миллион евро атрофида баҳоланмоқда. Диуфнинг "нерадзурри" билан амалдаги шартномаси 2030 йил июнь ойининг охирида тугайди.
Жорий мавсумда футболчи Италия чемпионатида олтита учрашувда майдонга тушиб, учта гол уришга муваффақ бўлди.













