«Манчестер Юнайтед» клуби 100 минг томошабинга мўлжалланган янги стадион лойиҳаси юзасидан мухлисларнинг фикр ва таклифларини ўрганишни бошлади.
Эслатиб ўтамиз, манкунианликлар 2025 йил март ойида амалдаги «Олд Траффорд» стадиони ўрнида янги арена барпо этиш режасини эълон қилганди. Қиймати 2 миллиард фунт стерлингга баҳоланаётган мазкур иншоотни клуб ҳаммулкдори Жим Рэтклифф «дунёдаги энг яхши стадион» деб таърифлаган.
Клуб томонидан ташкил этилган сўровнома бир қатор муҳим масалаларни қамраб олади. Жумладан, мухлислардан ўйинлар вақтидаги муҳит, клубнинг тарихий меросини сақлаб қолиш, чипталарнинг ҳамёнбоплиги, стадион атрофидаги инфратузилма ва транспорт қатнови қулайлиги бўйича фикр билдириш сўралмоқда.
Жорий йил январь ойида янги стадион лойиҳасининг ижрочи директори этиб тайинланган Коллетт Рош ушбу ташаббусни клубнинг келгуси 100 йиллик фаолияти учун энг йирик лойиҳа сифатида баҳолади.
Унинг таъкидлашича, мухлислардан олинадиган таклифлар янги аренани уларнинг истакларига мос равишда барпо этишда муҳим аҳамият касб этади. Бунда клуб анъаналарини асраб-авайлаш, қулай муҳит яратиш ҳамда турли тоифадаги томошабинлар учун стадиондан фойдаланиш имкониятларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Сўровномада мавсумий абонемент эгалари, расмий мухлислар клуби аъзолари, абонемент олиш учун навбатда турганлар, шунингдек, сўнгги уч йил ичида VIP ҳудудларга чипта харид қилган мухлислар иштирок этиши мумкин.













