Осиё футбол конфедерацияси (ОФК) Жанни Инфантинонинг ФИФА президентлигига қайта сайланишини қўллаб-қувватлашини эълон қилди.
Бу ҳақда ОФК президенти Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Халифа Токиода бўлиб ўтган ташкилотнинг навбатдан ташқари конгрессида маълум қилди.
«Сиз ФИФА президенти сифатида янги ваколат муддатини қўлга киритишга интилаётган бир пайтда, биз сизни ва раҳбарлигингизни тўлиқ қўллаб-қувватлашга содиқ эканимизни яна бир бор тасдиқлаймиз», — деди Шайх Салмон.
Шу билан бирга, ОФК раҳбари конфедерацияга аъзо барча миллий ассоциациялар ҳам Инфантино номзодини қўллаб-қувватлашига кафолат йўқлигини тан олди. Бироқ унинг таъкидлашича, ташкилот аъзоларининг аксарияти мазкур позицияни маъқулламоқда.
Шайх Салмон, шунингдек, томонларни ўтмишдаги келишмовчиликларни ортда қолдириб, ҳамкорликни давом эттиришга чақирди. Ўз навбатида, Инфантино ҳам аввал йўл қўйилган хатоларни эътироф этиб, ўтмиш тажрибасидан тўғри хулоса чиқариш муҳимлигини таъкидлади.
Маълумот учун, ФИФА президентлигига сайлов 2027 йил март ойида бўлиб ўтади. Номзодлар ўз аризаларини 18 ноябрга қадар тақдим этишлари керак.
Конгресс давомида Жанни Инфантино миллий футбол ассоциацияларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги режалар ҳақида ҳам маълумот берди.
Унинг сўзларига кўра, 2027 йил 1 январдан бошлаб ҳар бир миллий футбол ассоциацияси тўрт йилда бир марта 25 миллион доллар миқдорида маблағ олади.
Инфантино ФИФА президенти лавозимини эгаллашидан аввал ушбу кўрсаткич 1 миллион долларни ташкил этган.













