Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Эндрик қишки трансферлар ойнасида жамоани тарк этиши мумкин. Бразилиялик футболчининг келажаги борасида ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.
Таниқли журналист Маттео Мореттонинг маълум қилишича, бош мураббий Жозе Моуриньо Эндрикнинг жамоада қолишини таъкидлаган бўлса-да, уни январь ойида бошқа клубга қўйиб юбориш варианти ҳамон кўриб чиқилмоқда.
«Моуриньо Эндрик жамоада қолишини аллақачон айтган. Бироқ футболчининг январда кетиши эҳтимоли ҳали ҳам мавжуд. Чунки у жуда кам ўйин амалиётига эга бўлмоқда», — деди Моретто Radio Marca эфирида.
Журналистнинг таъкидлашича, бразилиялик ҳужумчининг хизматларига Италиянинг «Милан» ва «Рома» клублари қизиқиш билдиришда давом этмоқда.
Ҳар икки жамоа аввалроқ Эндрикни ижарага олишга ҳаракат қилган, бироқ «Реал» раҳбарияти футболчини қўйиб юборишдан бош тортган эди.
Жорий мавсумда Эндрик Испания чемпионатида атиги иккита учрашувда иштирок этди ва гол ёки голли узатма қайд эта олмади.
Чемпионлар лигасида эса бразилиялик ҳужумчи икки ўйинда майдонга тушиб, битта гол урди ва бир марта голли узатмани амалга оширди.













