«Интер» раҳбарияти жорий мавсумни юқори савияда бошлаган чап қанот ҳимоячиси Карлос Аугусто билан шартномани узайтиришни режалаштирмоқда.
Бразилиялик футболчи янги мавсумда самарали ўйинлари билан ажралиб турибди. У барча мусобақалар доирасида 7 та учрашувда иштирок этиб, 4 та гол урди ва 2 та голли узатмани амалга оширди.
Эътиборлиси, Аугусто ушбу учрашувларнинг фақат тўрттасида асосий таркибда майдонга тушган. Қолган учта баҳсни эса захира ўриндиғида бошлаган.
La Gazzetta dello Sport нашрининг хабар беришича, «Интер» раҳбарияти ҳимоячининг ёрқин ўйинларини муносиб баҳолаб, у билан 2031 йилгача мўлжалланган янги шартнома имзоламоқчи. Футболчининг амалдаги келишуви келаси йил ёзида якунига етади.
Карлос Аугусто яқинда «Болонья»га қарши учрашувда битта гол ва голли узатма қайд этганди. Шунингдек, у жорий ҳафта Чемпионлар лигасида «Шахтёр»га қарши баҳсда ягона гол муаллифига айланиб, «Интер»нинг 1:0 ҳисобидаги ғалабасини таъминлади.
Бразилиялик ҳимоячининг ҳозирги ўйинлари мураббийлар штаби эътиборини тортмоқда. Агар у шу суръатда давом этса, мавсумнинг кейинги қисмида жамоанинг доимий асосий таркиб футболчиларидан бирига айланиши мумкин.













