"Барселона" 25 октябрь куни "Реал"га қарши ўтадиган "эл-класико"дан чипта сотиш бўйича рекорд даромад олишни кутмоқда.
SPORT маълумотига кўра, "Камп Ноу"даги учрашувга бўш ўринлар жуда кам қолган. 29 сентябрда сотувга чиқарилган чипталар дастлаб 299–640 евро атрофида баҳоланган.
Ҳозирда қолган оддий чипталар нархи 1249 евродан 2099 еврогача етган. VIP-пакетлар эса 2400–8000 еврога сотилмоқда.
Ўтган мавсумнинг 10 май куни "Барселона" мадридликларга қарши уй учрашувидан 16,4 миллион евро чипта даромади олганди.
Каталонияликлар стадионда реконструкция ишлари давом этаётгани ва барча ўринлардан фойдаланиш имкони йўқлигига қарамай, ушбу рекордни янгилаши мумкин.













