Лондоннинг "Челси" клуби ҳимоячиси Мало Гюсто Англия Премьер-лигасининг бошқа жамоасига ўтиши мумкин. Бу ҳақда Teamtalk хабар бермоқда.
Журналистлар маълумотларига кўра, француз футболчисининг хизматларига "Манчестер Сити" қизиқиш билдирмоқда. "Шаҳарликлар" "Челси" трансфер бўйича молиявий талабларини пасайтирган тақдирдагина Гюстони сотиб олишга тайёр бўлади. Аввалроқ Лондон клуби футболчининг трансфер қийматини 83 миллион евро деб баҳолаётгани ҳақида хабар берилганди.
23 ёшли қанот ҳимоячиси 2023 йил январь ойида "Челси" сафига қўшилган. Томонлар ўртасидаги амалдаги шартнома 2030 йил июнь ойининг охиригача тузилган.
Ҳимоячи жорий мавсумда Англия Премьер-лигасида бешта учрашувда майдонга тушди.













