"Интер" бош мураббийи Кристиан Киву "Венеция" устидан қозонилган 2:0 ҳисобидаги ғалабага изоҳ берди. Ушбу ғалаба ўйиннинг сўнгги қисмида рақибнинг ўз дарвозасига урган иккита голи эвазига қўлга киритилди.
"Бизда энергия етишмади, айрим вазиятларда секин ҳаракат қилдик. Рақибнинг паст жойлашган ҳимоя чизиғи бизни бироз ҳайратда қолдирди, гарчи бундай бўлишини кутган бўлсак ҳам. Ҳужумларни секин ривожлантирдик, аммо бу тушунарли: ҳар уч кунда ўйнаяпмиз.
Бугун ўйинни ғалаба билан якунлашимизда омадимиз келди. Бу мавсум давомида учраб турадиган одатий ўйинлардан бири. Бундай учрашувлар йилига икки-уч марта бўлади. Майдонга унчалик ишончсиз ҳолатда чиқасан ва энг кам ҳаракатнинг ўзи етарли бўлади, деб ўйлайсан.
Рақибга тан бериш керак: у биз тайёрлаган режани амалга оширишимизга йўл қўймади. Таваккал қилишимизга тўғри келди. Проведель бизни ўйинда сақлаб қолди, тажрибамиз ва кучимиз туфайли ғалаба қозонишга муваффақ бўлдик", — деди Киву Sky Sport Italia эфирида.













