"Манчестер Юнайтед" ва Аргентина терма жамоасининг собиқ ҳужумчиси Карлос Тевес Лионель Месси ҳамда Криштиану Роналдудан қайси бирини устун кўришини айтди.
Рио Фердинандга берган интервьюсида Тевес икки футболчи орасидан Мессини танлади.
"Мен учун Месси яхшироқ. Унинг иқтидори туғма, ҳамма нарса унга табиий равишда осон келади.
Криштиану ҳар бир финтни, ҳар бир ҳаракатни қайта-қайта машқ қиларди. Аммо Мессининг бундай жиҳатлар устида махсус ишлаганини ҳеч қачон кўрмаганман", — деди Тевес.
Аргентиналик собиқ футболчи икки юлдуз ўртасидаги асосий фарққа ҳам тўхталди.
"Жисмоний куч ва имкониятлар борасида улар деярли тенг. Роналдунинг устунлиги — бош билан кўпроқ гол ургани.
Месси зарба бериш борасида анча ривожланди, Криштиану ҳам шундай. Уларнинг энг яхши бўлишга интилиши ва ўзаро рақобати ҳар иккисининг ўсишига ёрдам берди", — деди Тевес.













