Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой 0-0 Япония
19/11 17:00 Индонезия 0-0 Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР 0-0 Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

«Бунёдкор» ёшларида нима гаплар

Баҳо:
+ | -

Болалар ва ўсмирлар ўртасидаги Тошкент шаҳар биринчилигининг 7-тур ўйинларини 5 октябрь куни «Бунёдкор-Б» ва РКОР жамоалари ўртасидаги ўйин бошлаб берди. Биринчи даврада ҳар икки жамоанинг турли ёш тоифасидаги тарбияланувчилари учрашувида «Бунёдкор-Б» 3 та ғалабага эришган бўлса, РКОР ўйинчилари 1 та ғалабани ўз ҳисобига ёзиб қўйишганди. Яна 1 та ўйин эса дуранг натижа билан якунланганди. Иккинчи даврадаги ўзаро учрашув ҳам қизиқарли тарзда ўтди...

0:0 (2002)

Шу кунги илк ўйинда дарвозалар даҳлсизлиги сақланиб қолинди. Ҳар икки жамоада гол уриш учун кўплаб имкониятлар юзага келди. Мураббийлар рақиб жамоа ўйинини яхшигина ўрганганини намойиш этишди. Бу ўйин жамоа мураббийларининг ўзига хос тактик юришлари билан ҳам ёдда қолди. Тўп асосан майдон марказида бўлди. Ўйинда ҳар икки жамоада ғалаба учун интрига етишмади. Учрашув нурсиз дуранг билан якунланди.

2:1 (2001) 

Бу баҳсда жамоалар тенгма-тенг кураш олиб боришди. Ҳар икки жамоа дарвозаси олдида кўплаб хавфли вазиятлар яратилди. Гоҳ дарвозабоннинг маҳорати, гоҳ ҳимоячиларнинг ишончли ҳаракатлари ҳар гал тўпнинг тўрга тушишига тўсқинлиқ қилди. Шундай бўлса-да биринчи бўлиб ҳисобни очиш мезбонларга насиб этди. Сардор Назаров томонидан амалга оширилган бурчак тўпидан сўнг ҳаммадан баланд сакраган Мурод Мўминов боши билан рақиб дарвозасини ишғол этди. Голдан руҳланган бунёдкорчилар шундан сўнг тез-тез рақиб посбонини безовта қилиб туришди. Биринчи бўлим охирларида рақиб қарши ҳужумини ўтказиб юборган майдон эгалари ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишга мажбур бўлишди. Иккинчи бўлим тезкор гол билан бошланди. Рақиб ҳимоясидаги саросимадан фойдаланган Умид Шавкатов мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Иккинчи голдан кейин ёш “қалдирғочлар” тўпни назорат қилишга кўпроқ аҳамият қаратишди. Бўлим охирига қадар шу ҳисоб сақланиб қолди ва майдон эгалари навбатдаги ғалабаларини қўлга киритишди. 

0:0 (2000)

Куннинг иккинчи голсиз баҳси 2000 йилда туғилган болалар ўртасидаги ўйинга тўғри келди. Гарчи тўп назоратидаги устунлик мезбонлар томонида бўлган бўлса-да, уларда вазиятлардан фойдаланиш коеффициенти анча паст бўлди. Аксинча, меҳмонлар қарши ҳужумда ўйнашларига қарамай кўплаб хавфли вазиятлар яратишга эришдилар. Заҳирадан майдонга туширилган ўйинчилар ҳам ўйинга унча катта таъсир кўрсата олишмади ва учрашув 0:0 ҳисоби билан якунланди. 

1:0 (1999)

Бу ўйинда минимал ҳисобдаги натижа мезбонларга ғалаба келтирди. Ўйинни ташкил этиш борасида ҳар икки жамоада қилиниши лозим бўлган ишлар ҳали бисёр эканлиги ўйин давомида кўзга ташланиб қолди. Биргина ҳужумни якунлаш чоғида ҳужумчиларда қайсидир маънода совуққонлик етишмаётганлиги кўринди. Биринчи бўлим давомида жамоалар ўта эҳтиёткорона ўйин намойиш этишди. “Бир-бирини ўрганиш” номини олган бу ҳаракатлар иккинчи бўлида ҳам давом этди. Иккинчи тайм ўрталарида «Бунёдкор-Б» ўйинчиси Нодир Носиров томонидан киритилган голдан сўнггина жамоалар эҳтиёткорона ўйиндан озгина чекинишди. Бироқ энди улар ўз ўйинларини ташкил этгунга қадар вақт “жаноби олийлари” ҳакам ҳуштагининг чалинишига сабабчи бўлди. «Бунёдкор-Б» уч очко соҳиби...

2:0 (1998)

Шу кунги ўйинлар ичидаги “энг йирик” ҳисоб «Бунёдкор-Б» ва РКОР жамоаларининг 1998 йилда туғилган тарбияланувчилари “чеки”га тушди. Ўйинни кўтаринки руҳда бошлаган жамоалар тезда бир–бирига мослашиб кетишди. Биринчи бўлим ўрталарида рақиб жарима майдончаси ичида мезбонлар вакилига нисбатан қўполлик ишлатилди. Учрашув ҳаками ҳеч иккиланмай РКОР дарвозасига пенальти белгилади. «Бунёдкор-Б»нинг 22-рақамли ўйинчиси Дурбек Нажмиддинов нуқтага яқинлашди ва жамоасини олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг ўйин асосан майдон марказига кўчди. Жамоалар тез-тез голга тортадиган вазиятлар яратиб туришди. Иккинчи таймда ҳам жамоалар шижоатни йўқотмади. Ўйинда дарвозабонларнинг ишончли ҳаракатлари ўзига хос “безак” вазифасини ўтаб берди. Иккинчи гол Умид Мавлоновнинг саъй-ҳаракатлари натижасида юзага келди. Унинг майдон марказидан бошлаган “юриши”ни Файзулла Иззатуллаев ажойиб голи билан якунлади. Шу ҳисоб ўйин якунига қадар сақланиб қолди.

1:1 (1996-97)

Бу ёш тоифасидаги жамоаларнинг биринчи даврадаги ўзаро ўйинида ёш «қалдирғочлар» йирик 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Шу маънода ўйинда уларнинг имконияти РКОР жамоасига қараганда юқорироқ баҳоланаётган эди. Бироқ меҳмонлар «Бунёдкор-Б»нинг ўйинини мукаммал равишда ўрганганини намойиш этишди. Ҳатто ўйиннинг биринчи бўлимида РКОР ҳисобда олдинга ҳам чиқиб олди. Иккинчи бўлимда мураббийлар берган кўрсатмалар асосида ўйнашга уринган мезбонлар фақатгина ҳисобни тенглаштиришга эришдилар, холос. Ўйин жанговар дуранг билан якунланди.

Санжар ИСМАТОВ

Манба: www.fcbunyodkor.com
Киритилди: 11:17, 09.10.2013.
Ўқилди: 4282 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.