Қарши шаҳридаги “Насаф” Марказий стадионида 10 октябрь куни Қашқадарё фахрийлар жамоаси Жиззах фахрийлар жамоасини қабул қилади. 15:00да бошланадиган учрашувда ўз вақтида Ўзбекистоннинг етакчи футболчилари деб эътироф этилган фахрийларимиз иштирок этишади.
Фахрийлар ўртасида Ўзбекистон Футбол Федерацияси кубоги 2-этап ўтиш баҳси жавоб учрашувида машҳур фахрий футболчиларнинг ўйинларини жонли кузатиш имкониятига эга бўламиз. Жумладан, Жиззах фахрийлар жамоаси таркибида Шавкат Аҳмаджонов, Фарҳод Йўлдошев, Шуҳрат Йўлдошев кабилар тўп суришса, Қашқадарё фахрийлар жамоаси шарафини Вали Султонов, Баҳодир Аннаматов (“Насаф” ўринбосарлар мураббийлари), Шуҳрат Тошпўлатов (“Насаф” ёрдамчи мураббийи), Дадажон Тоғаев(“Насаф” ФМ мураббийи), Вали Келдиев (“Машъал” ўринбосарлари мураббийи), Константин Смирнов (ҚДУ ўқитувчиси), Зоир Тўрақулов (“Шўртан” бош мураббийи) ҳамда ўз вақтида қашқадарёлик футбол муҳлисларининг ёқимтойига айланган Рўзиқул Бердиев(“Насаф” бош мураббийи)лар ҳимоя қилишади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу жамоалар ўртасидаги Зомин туманида ўтказилган дастлабки учрашувда Асрор Хўжаев бошчилигидаги Қашқадарё фахрийлар жамоаси 4:3 ҳисобида мағлубиятга учрашган эди. Икки ўйин натижасига кўра ғолиб жамоа 2013 йил 26-27 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган якуний босқичда иштирок этади.
Олим Толипов