Ўзбекистон ёшлар (U19) терма жамоаси саралаш босқичидаги асосий рақибларидан бири — Ҳиндистон устидан йирик ҳисобда зафар қучди ва амалда Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Ҳиндлар қитъа йўлланмаси учун курашиш имкониятини сақлаб қолиш учун вакилларимизни мағлуб этишлари шарт эди. Шунинг учун бўлса керак, Тоал шогирдлари биринчи бўлимда терма жамоамизга жиддий қаршилик кўрсатишди. Улар футболчиларимизни майдоннинг биз томонидан қарши ола бошлашди. Шунинг учун жамоамиз ўйинни йўлга солиб олишлари қийин кечди.
Биринчи бўлимда терма жамоамиз бир нечта бурчак тўпларини амалга оширган бўлишса-да, улардан наф чиқара олишмади. Шундай бўлса-да, вакилларимиз биринчи бўлим якунланиш арафасида ҳисобни очишди. Гол жамоавий комбинация маҳсули бўлди. Нормуродов тўпни майдон марказида бироз ортда турган Давлатовга қолдирди. Давлатов эса, майдонни яхши кўра олишини яна бир марта исботлаб, бир зарба билан Сардор Азимовни қулай вазиятга чиқарди. Сардор чап қанотдан Ҳиндистон жарима майдончасига ёриб кираркан, бир рақибни ортда қолдирди, сўнг Абдиевга секин пас берди. "Аланга" ҳужумчиси ўз вазифасини тўлақонли бажарди. Ҳимоячилар 11-рақамли ҳужумчимизнинг зарба беришига халал беришга улгуришмади.
Иккинчи бўлим бошида киритилган тезкор гол эса ҳиндларни деярли "синдирди". Абдиев ўнг қанотдан жарима майдончасига ёриб кирди ва тўпни орқароққа етказди. Бу ерда вакилларимиздан ҳеч ким йўқ эди, ҳиндлар тўпни ўз вақтида узоқлаштиришмади ва тўпни Бобур Давлатов эгаллаб олиб, дарвозани ишғол қилди! 63-дақиқада эса бурчакдан етказиб берилган тўпни Абдиев бош билан дарвозага йўллаб, ҳисобни 3:0га етказди.
Ҳисоб йирик кўриниш олганидан кейин вакилларимиз ўзларини эркин тута бошладилар ва айрим комбинациялар ҳам чиройли кўриниш ола бошлади. Аммо Евстафеев шогирдлари бошқа гол уриш насиб қилмади. Ҳиндлар эса ўзларининг энг хавфли ҳужумларини иккинчи бўлимда уюштиришди. Айниқса, захирадан майдонга тушган Рай Уттам дарвозабонимиз билан бирга-бир вазиятда Абдураимовни доғда қолдира олмади. Учта ўйинда терма жамоамиз 9та гол уриб, ҳали ўз дарвозасидан гол олиб чиқмади.
Ушбу ғалабадан кейин Ўзбекистон ёшлари амалда ОЧ йўлланмаси масаласини ҳал қилиб бўлди. Қатарга қарши ўйинда терма жамоамизни минимал ҳисобдаги мағлубият ҳам қаноатлантириши мумкин, аммо биз йигитлардан фақат ва фақат ғалаба кутамиз.
Ёшлар ўртасида Осиё чемпионатига саралаш
"А" гуруҳи, 4-тур. Доҳа. "Ал-Арабий" стадиони
ҲИНДИСТОН (U19) - ЎЗБЕКИСТОН (U19) - 0:3
Голлар: Аслиддин Абдиев (44, 63), Бобур Давлатов (51)
Огоҳлантириш: Шерзодбек Абдураимов (73)
Ўзбекистон (U19): 12. Шерзодбек Абдураимов (Дилшод Ҳамроев 85), 33. Достонбек Турсунов, 14. Меҳрож Ғуломов, 3. Аббосжон Отахонов, 2. Азизбек Мамазоитов, 16. Нажмиддин Нормуродов, 7. Сардорбек Азимов, 13. Бобур Давлатов (Наримон Ҳасанов 75), 6. Мақсуджон Маҳмудов (Жавоҳир Соҳибов 63) 11. Аслиддин Абдиев, 10. Элдор Шомуродов.
Ҳиндистон (U19): Вишал Каит; Гурба Гаграй, Паван Кумар, Сайид Моҳд Дот, Сорайсан Притам Куман Сингх; Лалремпуа Фанай, Соувик Дас (С), Греманприт Сингх; Куман Уданта Сингх, Даниел Лаллимпуа, Шайборланг Харпан