Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Миржалол Қосимов: «Футболчиларнинг барчаси иштиёқ билан ўйнашига шубҳа қилмайман»

Баҳо:
+ | -

Ўзбекистон ва Вьетнам терма жамоалари ўртасидаги Осиё кубоги-2015 саралаш баҳси олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унинг биринчи қисмида Миржалол Қосимов ва ҳужумчи Александр Гейнрих иштирок этишди.

Миржалол Қосимов:
— Барчани келаётган Ҳайит байрами билан табриклайман. Вьетнамга қарши ўйин биз учун муҳим аҳамиятга эга. Боиси, гуруҳнинг 2та ўйинида бор-йўғи 1 очкога эга бўлиб турибмиз. Шунинг учун эртага майдонга чиқиб, Вьетнамни мағлуб этишимиз ва жадвалдаги ҳолатимизни яхшилаб олишимиз керак.

Вьетнамни яхши ўрганиб чиқдик. Уларнинг таркибида 1-2 нафар яхши футболчи бор. Улар Қатарга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказишди ва ғалаба қозонишди. Вьетнамнинг гуруҳдаги дастлабки икки — БАА ва Гонконгга қарши ўйинларида улар яхши ҳаракат қилишди. Ўша учрашувлар натижасини ўйинга мос бўлмади, деб айта олмади. БАА дарвозабони яхши ҳаракат қилган бўлса, Гонконг ўйин сўнгида битта гол уриб, ғалабани илиб кетди. Биз рақибдан бир калла кучлимиз. Эртага тезкор гол уриб олиб, ўйинни ўз фойдамизга ҳал қилишимиз керак.

Александр Гейнрих:
— Гуруҳдаги ҳолатимиз яхши эмас, очкомиз кам. Боз устига биз ўз майдонимизда ўйнаяпмиз. Мухлислар қаршисида фақат ғалаба қозонишимиз керак.

— Иордания билан ўйиндан кейин истеъфога чиқишингизни маълум қилмадингиз. Аммо ЎФФ раҳбари сизни ишда қолдирди. Ишлаш учун иштиёқингиз борми?
— Ҳақиқатан ҳам икки марта Мираброр Зуфарович билан учрашдим, аммо истеъфо борасида рад жавобини берди. Ҳаёт давом этади. Ҳеч нарсани ўйламай, эртага ғалаба қозониб, Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритишга ҳаракат қилишимиз керак. Иштиёқим жойида, кайфиятим яхши. Эртага қўшалоқ байрам бўлишини истайман.

— Нима учун бу сафар ҳам ўртоқлик ўйинлари ўтказилмади?
— Ўртоқлик ўйинлари ўтказилмаса, расмий ўйинларда бир-бирини тушуниш қийин бўлади. Бундай ўйинлар олдидан ўртоқлик ўйини ўтказиш лозим. Терма жамоалар маркази 10 октябрь кунига спарринг қидирди. Сурия билан оғзаки келишгандик, аммо у ҳам 2 ҳафта ўтганидан кейин маълум сабабларга кўра рад жавобини берди. Шунинг учун "Бунёдкор" билан назорат учрашувини ўтказдик.

— Қатар ниманинг ҳисобида Вьетнамни ўртоқлик учрашувида мағлуб эта олмади?
— Бу ўйинни йигитларга кўрсатмадим. Амирлик ва Гонконг билан ўйинларни кўриб чиқдик. Қатар жуда ҳам кўп вазиятларга эга бўлди, аммо улардан фойдалана олмади. Вьетнам 2та қарши ҳужум уюштириб, 10-рақамли футболчининг голлари эвазига ғалаба қозонди. Мен йигитларга ҳар доим рақибни ҳурмат қилиш кераклигини таъкидлаб келаман. Менсимаслик яхши оқибатларга олиб келмайди. Қатарда шундай кайфият бўлди назаримда.

— Саша, Иордания билан ўйиндан кейин фақат бош мураббий мухлислардан узр сўради, аммо футболчилар узр сўрашмади. Муваффақиятсизликда футболчилар ўзларини абйдор деб ҳисоблашмайдими ёки кечирим сўраш учун уларнинг ғурури йўл қўймайдими?
Гейнрих: — Иордания билан ўйиндан йигитлар жуда эзилишганди, руҳий тушкунликка тушишганди. Мен ўзим ҳам уларга қўнғироқ қилганимда, уларнинг ҳеч бири мен билан суҳбатлашишни истамади. Футболчилар жуда ҳам хафа эди. Фурсатдан фойдаланиб, йигитлар номидан узр сўрайман.

— Одил Аҳмедовнинг терма жамоага чақирилмаганига сабаб нима?
— Асосий мақсад — бошқа ўйинчиларга имконият бериш. Одилга келадиган бўлсак, ўтган сафар Азизни чақирганимизда унда жароҳат бор эди, кейин шамоллаб қолди. Фозилда ҳам жароҳат бор эди. Шунинг учун бу сафар ушбу икки футболчига имкон беришга қарор қилдим. Одилни чақириб, уни захира ўриндиғига ўтқазиб қўйишдан маъно йўқ эди. Ҳар бир йиғинда турли футболчиларга имкониятини бериш керак.

— "Бунёдкор" билан ўйинда икки бўлимда икки хил таркибни кўрдик. Биринчи бўлимда асосий таркиб ҳаракат қилган бўлса, иккинчи бўлимда асосан ёшлар ҳаракат қилишди. Эртанги ўйинда ёшлардан айримларини асосий таркибда кўришимиз мумкинми?
— Бизда асосий ва иккинчи таркиб деган тушунча йўқ. Биз назорат ўйинида турли тактик схемаларни синаб кўрдик. Бугун ҳам машғулотимиз бор. Шундан келиб чиқиб таркиб танлаймиз. Ёшларни эса балки захирадан майдонга туширарман.

— Баъзи етакчи футболчилар иштиёқсиз ўйнаётгандек тасаввур уйғотяпти. Эртага уларнинг судралиб ўйнамаслигига кафолат борми?
— Агар Иордания билан ўйиндан келиб чиқиб хулоса қилаётган бўлсангиз, улар ўша ўйинда ғалабани ҳаддан ташқари кўпроқ исташди. Мухлислар олдида ҳаяжонланишди. Эътибор берсангиз, биз меҳмонда эркинроқ ҳаракат қиламиз. Ўз мухлисларимиз олдида босим бўлиши мумкин. Мен футболчиларнинг ҳеч биридан шубҳа қилмайман. Ҳар бир майдонга чиққан футболчи жонини бериб ўйнайди.

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 12:41, 14.10.2013.
Ўқилди: 8588 марта.
Фикрлар: 63 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.