Бугун Гулистон шаҳрида ёшлар лигаси 23-тури доирасидаги “Гулистон” – “Бунёдкор” учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувни меҳмонлар фаол бошладилар. Ҳатто “Гулистон” дарвозаси олдида бир неча хавфли вазиятлар яратишди ҳам. Бироқ улардан самарали фойдаланишга келганда ёш “қалдирғочлар” аниқ ўйнай олмадилар. Вақт ўтган сари гулистонликларнинг ҳаракатлари ижобий томонга ўзгариб борди. Учрашувнинг 43-дақиқасида бош ҳакам “Бунёдкор” дарвозаси томон пенальти белгилади. Бу вазиятда посбонимиз ва рақиб ҳужумчиси тўп учун курашда тўқнашиб кетишди. Гарчи бу ўйиннинг одатдаги вазияти бўлса-да, Игорь Худойдотов “нуқта”ни кўрсатди. 11 метрлик зарбани Дилмуҳаммад Худойбердиев аниқ амалга ошириб, ҳисобни очди – 1:0.
2-таймда вазиятни ўнглаш учун бошқача кайфиятда чиқиб келган бунёдкорчилар 47-дақиқада иккинчи тўпни ўтказиб юборишди. Бу вазиятда ҳам ҳакамлар қарорига эътироз билдирилди.
Ҳисоб 2:0 кўринишини ҳосил қилгач гулистонликлар бутун жамоа бўлиб ҳимояга ётиб олишди. Уларнинг жарима майдончаси ичида тиқилинч ҳолат юзага келган бўлса ҳам футболчиларимиз Дониёр Усмонов қўриқлаган дарвозаси томон зарбалар беришди. Сардор Азимов ва Забихилло Ўринбоев томонидан тепилган икки зарбани дарвоза тўсини қайтарди. Айтиш жоизки, шу куни ёш “қалдирғочлар”га омад ҳам етишмади.
Шундай қилиб, кичик олтин медаллар учун кураш янада жиддийлашди. Энди пешқадам “Бунёдкор” иккинчи поғонадаги “Пахтакор”ни атиги бир очкога ортда қолдирмоқда.
Ёшлар лигаси, 23-тур
“ГУЛИСТОН” – “БУНЁДКОР” 2:0 (1:0)
Голлар: Дилмуҳаммад Худойбердиев 43 пенальти (1:0), Дилмуҳаммад Худойбердиев 47 (2:0)
Огоҳлантиришлар: Сардор Собирходжаев 39, Зафар Сафаев 43, Суҳроб Саримсоқов 45, Дилшоджон Шукуров 49, Дадахон Давлятов 53
Четлатиш: Дилшоджон Шукуров (иккинчи огоҳлантириш) 72
“Гулистон”: 1.Илҳом Жуманов (24.Дониёр Усмонов 46), 2.Мухиддин Жумабоев, 4.Хуршидбек Мухторов, 10.Дилмуҳаммад Худойбердиев (15.Жасур Толипов 88), 14.Асилжон Мансуров, 17.Дилшоджон Шукуров, 21.Константин Боев (12.Аваз Тожибоев 75), 22.Дадахон Давлатов, 7.Сухроб Саримсоқов (8.Авазбек Алиев 85), 11.Жўрабек Собиров (6.Муҳаммад Исақов 46), 22.Иброхим Ғаниев (18.Бобуржон Ҳамроқулов 81)
“Бунёдкор”: 35.Зафар Сафоев, 2.Азизбек Мамазоитов, 4.Миржамол Қосимов (9.Аҳрор Умаржонов 55), 6.Сардор Собирхўжаев (15.Миразиз Жалолов 71), 8.Хуршид Ғиёсов, 10.Темур Аюпов (7.Эргаш Исмоилов 46), 13.Зокиржон Нурматов (5.Жавлон Мирабдуллаев 51), 18.Камронбей Кападзе (17.Санжар Рихсибоев 69), 19.Забихилло Ўринбоев, 21.Сардор Азимов
Ҳакамлар: И.Худойдотов (Тошкент), Д.Убайдуллаев, Ш.Юлдашев, Т.Суюнов
Назоратчи: Р.Айтеков (Тошкент)
22 октябрь. Гулистон. “Гулистон” стадиони. 85 томошабин