Биламизки, бизда жаҳон футболчилари ҳақида маълумотлар жуда кўп. Ўзимизнинг футболчилар ҳақида эса кўпам маълумотларга эга эмасмиз. Шу боис, ўзимизнинг футболчилар ҳақида ҳам мақолалар тайёрлашга ҳаракат қилдим. Ушбу мақолам 2011 йили «Интерфутбол» газетасида эълон қилинганди. Шундай бўлса ҳам, у ҳалиям ўз аҳамиятига эга деб ҳисоблаб, блогимга жойлаштирдим.
Ҳаётимизни мусиқасиз тасаввур қилолмаймиз. Ўзимизча қайсидир қўшиқларни хиргойи қиламиз, қайсидир бирини берилиб тинглаймиз. Хўш, миллий чемпионатимиз футболчиларига қандай қўшиқлар ва қайси хонандалар ёқар экан?
Футболчилар табиийки, узоқ сафарларга кўп чиқишади. Ана шу вақтда ёки кечки пайт бирор-бир қўшиқ эшитиб, дам олишни хуш кўрадиганлар оз эмас спортчилар орасида ҳам. Осиёнинг 4 карра энг яхши ҳакамига айланган Равшан Эрматов кўпроқ устоз санъаткорларнинг қўшиқларини эшитиб ором олади. Фахриддин Умаров, Ортиқ Отажонов, Бобомурод Ҳамдамов каби ҳофизлар ижросидаги классик қўшиқларни Отабек Пирматов, «Андижон» клуби тўпурари Лочин Солиев, «Сўғдиёна» бош мураббийи Даврон Файзиев ҳам севиб тинглашади.
Кайфият яхши бўлса шўх, бироз хирароқ пайтларда сокин мусиқа тинглашга ўрганганмиз. «Металлург» ҳимоячиси Ҳикмат Ҳошимов ва моҳир дарвозабон Юрий Цой айнан кайфиятга қараб қўшиқ эшитувчилар тоифасидан.
Юртимизда рус эстрадаси вакиллари қўшиқларини севиб тинглайдиганлар кам эмас. Дима Билан, Максим, Тимати... Булар кимга ёқмайди дейсиз? Ушбу хонандаларнинг ажойиб тароналари шайдолари сафига Дилявер Ваниев, Шавкат Насибуллаев, Габит Сапаргалиев ва Афзал Азизовни киритсак бўлади. Афзалга шунингдек, Европа поп мусиқалари ҳам ёқади. «Насаф» клуби легионери Артур Геворкян йўлда машинасида кетаётганида кўпинча замонавий поп мусиқаларни тинглайди. Шоҳрух, Шаҳриёр, Тимати кабиларнинг қўшиқларига «Насаф»нинг яна бир аъзоси Илҳом Юнусов ҳам бефарқ эмас.
Озарбайжонда дарвозабонларнинг жиғига тегиб юрган Баҳодир Насимов эса рэпни унчалик ёқтирмайди. У асосан сокин қўшиқларни маъқул кўради. Масалан, «Уммон»нинг «Сокин тун» таронаси. Ўзбек эстрадаси қўшиқлари ҳам ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаса керак. Хоҳлаган мавзуларда куйлайдиган Юлдузнинг асл мухлислари сифатида «Насаф» ҳимоячиси Ботир Қораев ва «темирйўлчи»лар ҳимоячиси Ислом Иномов номларини зикр этиб ўтишимиз мумкин. Ислом шунингдек, Шаҳзоданинг мухлиси.
«Яна соғиндим, яна» - бу қўшиқни эшитмаган ҳамюртимиз топилмаса керак. Озодбек Назарбековнинг ушбу таронаси «Насаф» ҳужумчиси Кенжа Тўраевга ҳам ёқиб қолган. Умуман олганда, у Озодбекнинг ҳар йилги концертларига мунтазам тушади.
Одил Аҳмедов реклама учун суратга тушиш ва театрларга боришдан ташқари, мусиқа эшитишга ҳам вақт топади. «Анжи» ярим ҳимоячиси миллий мусиқалар шайдоси. Суҳроб Неъматов хорижлик Шакира, Бритни Спирс каби эстрада юлдузларининг қўшиқларини мунтазам эшитиб туради.
Энди юртимизда фаолият кўрсатган хорижлик футболчилар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсак. «Олмалиқ»нинг экс футболчиси Юрий Хриенко поп мусиқаларни эшитса, «Локомотив» сафида ажойиб ўйинлари билан эсда қолган Александр Филимонов ҳамюрти Владимир Кузмин ижро этган рок мусиқаларни севиб тинглайди.
37 ёшида Ўзбекистон чемпиони ва тўпурари деган шарафга эришган бразилиялик футбол даҳоси, «Олтин тўп» соҳиби Ривалдо эса ибодатхонага хос мусиқаларни тинглаб, чарчоқ ёзади.
Бу мақола балки кимгадир эриш туюлар, яна кимгадир умуман ёқмас. Мен шунчаки газеталарда берилган интервьюлар асосида йиққан маълумотларимдан фойдаланиб, футболчиларимизнинг қандай қўшиқлар эшитишларини ёздим, холос.
Юсупов Фурқат