Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси учун янги маъмурий бино қурилиши бошланди. Қурилиш ишлари октябрь ойида «Пахтакор» метро бекати олдидаги собиқ автомобилларнинг вақтинчалик турар жойида бошланган.
Kun.Uz манбалари берган маълумот кўра, 5 қаватни бинонинг қурилиш ишларини 2014 йилнинг тўртинчи чорагида якунлаш режалаштирилган. Бинода Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасидан ташқари Республика спорт медицинаси илмий-амалий маркази ҳам фаолият олиб боради.
Ҳозирги вақтда бинонинг пойдеворини тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Қурилажак бино архитектуравий ечими жиҳатидан ўзига ёндаш бошқа иншоот – Ўзбекистон консерваториясига ўхшаб кетади.
МОҚ ҳозирги вақтда Бунёдкор кўчасида жойлашган кичик бинода фаолият олиб боради.
Маълумот учун, 2012 йилги Лондон Олимпиадасида ўзбекистонлик спортчилар нисбатан паст кўрсаткичларни қайд этганларидан сўнг, декабрь ойида МОҚ раҳбариятида ўзгаришлар бўлиб, 2006 йилдан Ўзбекистон футбол федерациясига раҳбарлик қилиб, соҳада сезиларли ўсиш ва муваффақиятларни қайд эта олган сенатор Мираброр Усмонов олимпия қўмитасига президент этиб сайланган эди. Апрель ойида эса Ўзбекистонлик олимпиадачиларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташил этиш ҳақида Вазирлар Маҳкамаси қарори эълон қилинган эди.