Андижонда спортнининг барча соҳаларига қизиқиш катта, лекин анжанликлар миллионлар ўйини бўлган футболга ўзгача эътибор билан қарайдилар. Вилоятда ўзига хос мухлислик мактаби бор десак ҳам адашмаган бўламиз. “Андижон” клуби ўйнайдиган кунлари “Соғлом авлод” стадиони мухлислар билан тўлиб тошиб кетади. Ўтган йили вилоятимизнинг бош жамоасини олий лигани тарк этиб биринчи лига баҳсларида қатнашиши мухлисларни бироз ранжитган ҳам бор гап. Жамоага таниқли мураббий Азамат Абдураимовнинг таклиф этилиши, таркибга бир қатор талантли маҳаллий ёшлар жалб этилиб, иқтидорли футболчиларни келиб қўшилганлиги ўз самарасини бермай қолмади. Клубимиз қўйи лига мусобақаларида жанговар ўйинлар кўрсатиб, Андижон футболининг жойи олий лигада эканлигини исботлаб берди. Жамоанинг олий лигага қайтишига ўзининг катта ҳиссасини қўшган Асқар Жадигеров, Лочин Солиев, Афзал Азизов сингари номдор ўйинчилар қаторида вилоятимизда ўсиб вояга етган ёш ва келажаги порлоқ футболчимиз Даврон Турсунов ҳам бор. Тўрт йилдан бери “Андижон” клуби таркибида ишончли ўйин кўрсатиб келаётган футболчимиз жорий йил давомида ёрқин ҳаракатлари билан жамоанинг муваффақиятига ўзининг улкан ҳиссасини қўшди.
Миллионлар ўйини бўлган спортнинг футбол тури билан шуғулланиб келаётган, олтинкўллик Давронбек Турсунов 1987 йили таваллуд топган. 2009 йилдан буён вилоятимизнинг асосий жамоаси бўлган “Андижон” клубида тўп суради. Амплуаси — марказий ҳимоячи. Ёқтирган ўйинчиси — сербиялик Нема́нья Ви́дич ва Анзур Исмоилов. Мураббийлардан Азамат Абдураимовга ҳурмати баланд.
— Болалагимдан футболга жуда қизиқар эдим, — дейди Давронбек. Бу қизиқишни уйғонишига сабаб, оилада тўрт ўғилмиз, дадам Шавкатбек футболнинг ашаддий ишқибози. Телевидение орқали бўладиган барча футбол матчларини оила даврасида кўрар эдик. Дадам мени миллионлар ўйинига бўлган ҳавасимни кўриб, 5-синфни битирганимдан сўнг Андижон вилоят футбол-интернатига олиб борди. У ерда таниқли мураббийлар Озодбек Эркабоев ва Виталий Лигай қўлида футболнинг илк сабоқларини олдим. Ўқиш давомида, ўз устимда тинимсиз ишлаб, маҳоратимни ошириб бордим ва 9-синфни битирганимда мени “Андижон” клубининг ўринбосарлар таркибига кўрикка чақиришди. Шундан бери катта футболдаман. 2006-2007 йиллари “Уз-Донжу” сафида, 2008-2009 йиллари эса “Шаҳрихончи” клубларида тўп сурдим. 2009 йили “Андижон” клуби мураббийлари ўйинларимни узоқ кузатишиб, клубга таклиф этишди. Ҳозирда таниқли ва тажрибали мураббий Азамат Абдураимов қўл остида футболнинг кўп сир-синоатларини ўрганиб, вилоятимиз шарафини ҳимоя қилиш ҳаракатидаман.
Давронбекнинг клубдаги Ғузорнинг “Шўртан” ўйинига қарши ўтказилган илк дебют ўйини мураббий ва мухлисларда яхши таассурот қолдирган. У биринчи марта олий лига матчида майдонга тушган куниёқ “ўйиннинг энг яхши футболчиси” деб топилган эди.
Ҳозирда, Давронбек номдор жамоанинг асосий ўйинчиларидан бирига айланган. Ўзи марказий ҳимояда ўйнасада, вақти-вақти билан ҳужумга ўтиб туришни яхши кўради. Унинг “Андижон” клуби сафида урган голлари сони 9 тага етган. Айниқса, бу йилги мавсум “Қўқон1912” жамоасига қарши биринчи лига баҳсида бир ўйинда учта тўп киритиб, “хет-трик”га эришганини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
— Даврон Турсунов, ўз устида ишлаб чарчамайдиган ишонган ўйинчиларимиздан бири, — дейди “Андижон” клуби бош мураббийи Азамат Абдураимов. Замонавий футболда бўйдор (Давроннинг бўйи 187 сантиметр) марказий ҳимоячининг майдондаги самарали ҳаракатлари кўп нарсани ҳал қилади. У тиришқоқ, жамоани олдинга бошлай олади, стандарт вазиятлардан гол уриш қобилиятига эга. Келаси йил олий лигада бўлиб ўтадиган баҳсларда ундан бор маҳоратини кўрсатиб ўйнашини кутаяпмиз.
— Кундалик ҳаётда оғир-босиқ Давронбек майдонда “жангчи”га айланади, — дейди жамоа мухлислар клуби сардори Нодирбек Тўйчиев. Аллақачон ишқибозлар ёқимтойига айланиб улгурган футболчимизни ёш ўсиб келаётган маҳаллий ўйинчиларга ўрнак қилиб кўрсатган бўлардим.
— Ҳар сафар майдонга мураббий ва мухлислар ишончини оқлаш учун чиқаман, — дейди қаҳрамонимиз. Бу йилги мавсумда олий лигага йўлланма олиб, мухлислар олдида юзимиз ёруғ бўлди. Эришган ютуғимизда бош мураббийимизнинг хизматлари улкан. Бош мураббийимиз Азамат ака футболчилик даврида кўплаб Европа клубларида тўп суриб, катта тажриба тўплаган. Футболда замонавий фикрлайди. У киши бизга бир мақсад йўлида жипс бўлиб майдонга тушишимизни кўп уқтирадилар. Жамоадаги ўйинчилар ўртасида ажойиб муҳит ҳукмрон. Асқар Жадигеров, Баҳром Абдураҳимов ва Лочин Солиев билан нафақат майдонда балки, ҳаётда ҳам жуда қалин дўстмиз. Ўйлайманки, кейинги йили олий лига мусобақаларида клубимиз бор бўй-бастини намойиш қилиб, ишқибозларга кўплаб ғалабали онларни тақдим этамиз. Майдонга тушаётганимизда мухлисларни “йигитлар яхши ўйнанглар, биз сиз билан”, деган сўзлари бизга катта куч-қувват бағишлайди. “Андижон” жамоаси ишқибозлар учун ўйнайди. Чунки, бизнинг мухлисларимизга ўҳшайдиган жонкуяр ишқибозлар учун майдонда ҳар қанча тер тўксак арзийди.
Унинг келажакда энг катта орзуси миллий терма жамоада тўп суриш. Ортидан минглаб болакайларни эргаштиришни мақсад қилган футболчимизни ўйинларини кўргани сиз ҳам албатта, стадионга боринг. Давронни ўйинларини кўриб, фақат завқ оласиз.
Ҳа, айтгандай, ноябр ойининг ўнинчи санасида футболчимизнинг шахсий ҳаётида катта воқеа содир бўлади. Шу куни Давронбекнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтади. Футболчимизга оилавий ҳаётда ҳам омадлар тилаб қоламиз.
Элмурод ЭРМАТОВ