voha.uz сайтида "Пахтакор" олий ва биринчи лига клублари футбол мактаблари финал баҳсларида регламентни бузиб, ярим финалга чиққани ҳақида хабар ёзилди.
Ушбу сайт "Насаф" футбол клуби мухлислари сайти саналади. Тушунамиз, улар Қарши жамоаси ишқибозлари, лекин бу исталган пайтда рақиблар устидан мағзава ағдариш имконини бермайди. Шу жумладан, ёзилган ўша мақолада ҳам регламентни ўрганмасдан туриб, "Пахтакор"ни мухлислар кўзига ёмон қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинган.
Гуруҳ баҳсларида "Металлург", "Пахтакор" ва "Нефтчи" бир гуруҳда иштирок этиб, бу клублар 3 очкодан тўплашган. Тўплар нисбати бўйича кўрсаткичлар тенг бўлгани боис кўп гол урган жамоа биринчи ўрин соҳибига айланарди. Бу борада "Металлург" биринчи бўлган. Кейинги ўрин соҳибини аниқлашда регламентга биноан карточкаларга қарашга тўғри келди. Чунки қолган барча кўрсаткичлар ҳар икки жамоада бир хил эди. Унда интизомлироқ бўлган "Пахтакор" иккинчи поғонага эга чиқди. Бу ҳолат регламентда аниқ кўрсатиб ўтилган.
Ярим финалда "Насаф"нинг мусобақадан четлаштирилгани сабабини "Пахтакор"дан излаш керак эмас. Мезбонлар ёши катта футболчини майдонга туширганлари учун учинчи ўрин ўйинда майдонга тушиш имкониятидан ҳам маҳрум этилди. Бошқа жамоаларнинг регламентни бузгани "Пахтакор"нинг айби саналмайди. Шундай экан, регламент тилга олиб ўтилган мақолаларда юқоридаги сайт ижодкорларидан эътиборлироқ бўлишни сўраб қолардик.