Аввал хабар қилганимиздек, Қарши шаҳрида Олий ва Биринчи Лига клублари футбол мактабларининг 1997-1998 йилларда туғилган ўсмирлари ўртасида 2013 йилги Биринчиликнинг финал босқичи бўлиб ўтмоқда.
Бугун гуруҳларда 2-тур учрашувлари бўлиб ўтди. Куннинг марказий учрашуви шубҳасиз “Насаф” ва “Бунёдкор” жамоалари ёш футболчилари ўртасида ўтказилди. Шу боис мазкур учрашувни кузатиш мақсадида “Насаф” футбол мактабига қарашли сунъий қопламали футбол майдони минбарида кўплаб ишқибозлар, мутахассилар ва мураббийлар ташриф буюришди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу жамоаларнинг олий лигадаги ўйинлари бошқа ўйинларга нисбатан шиддатли кечиши барчага маълум. Олий лигадаги “ака”ларнинг “ука”лари ўртасидаги беллашув ҳам ҳар томонлама шиддатли ва кескин курашлар остида кечди ва йиғилганлар нақд 5 та голга гувоҳ бўлишди.
Учрашувнинг биринчи бўлими “насаф”чилар учун ўта омадсиз якунланди. Гарчи Умар Раҳматуллаев мураббийлигидаги “Насаф” футбол мактаби жамоаси ташаббусни ўз қўлларида сақлаб турган бўлишсада, ёш “қалдирғочлар” ҳимояда муносиб ҳимояланиш билан бирга ўзлари уюштирган кам сонли ҳужумларни самарали якунлашга эришишди. Дастлаб тошкентликлар сафида Азиз Омонов ва Санжар Қодирқулов муфаққаятга эришишди. Таъкидлаш жоизки, ушбу футболчилар томонидан киритилган голлар жуда чиройли кўриниш олди-0:2. Биринчи бўлим шу ҳисобда якунланди.
Мезбонлар эса икки тўп фарқи билан ортда боришларига қарамай тушкунликка тушишмади. Аксинча, рақиб дарвозаси олдида босимни янада кучайтиришди. Аммо шу куни “Бунёдкор” посбони Босит Рихсибоев фантастик ўйин намойиш этди. У ўйин давомида дарвозаси томони узоқ ва яқин масофалардан йўлланган ўнлаб зарбаларни бартараф этди. Қолаверса, бўлим ўрталарида ўз дарвозасига белгиланган пеналтини ҳам голга айланишига йўл қўймади. Ўйиннинг сўнгги 20 дақиқаси мезбонлар учун ниҳоятда омадли кечди. Айниқса, “Насаф” ҳужумчиси Шарофиддин Муҳиддинов учун. Дастлаб ўнг бурчакдан узатилган тўпни Муҳиддинов боши билан дарвозага йўллаган бўлса, орадан бир дақиқа ўтар ўтмас унинг чамаси 25 метрлардан йўллаган кучли зарбасини Рихсибоев қайтаришга ожизлик қилди. Ўйиннинг сўнгги дақиқалари ўтиб бораётган бир пайтда Бобур Абдуҳолиқов ғалаба тўпини “Бунёдкор” дарвозасига йўллаб, жамоасини кейинги босқичга чиқишини таъминловчи голга муаллифлик қилди-3:2.
2-турнинг қолган натижалари билан танишинг:
“Зарафшон” – “Пахтакор” 1:4
“Нефтчи” – “Бухоро” 5:3.
2-тур беллашувларидан сўнг “Насаф” ва “Пахтакор” жамоалари муддатидан олдин ярим финал масаласини ҳал қилишди.
3-турда қуйидга беллашувлар ўтказилади:
“Бухоро” – “Зарафшон”
“Пахтакор” – “Нефтчи”
“Насаф” – “Металлург”
Турнирнинг 2-кунги фотогалереяси билан қуйидаги манзил орқали танишишингиз мумкин: http://fcnasaf.uz/index.php/photo/view?v=120