Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

Вьетнам таассуротлари ёхуд ўзбекистонлик мухлисларнинг миллий терма билан сафари

Баҳо:
+ | -

Вьетнам миллий термасига қарши Ханойдаги учрашувни телевизор орқали кузатганлар стадионда ўзбекистонлик мухлисларнинг борлигини, улар миллий термамизни қўллаб-қувватлаб турганларини кўришди. Албатта, терма жамоамизнинг ўзи зўрға Сеул орқали етиб борган бир пайтда Ханойга мухлисларнинг ҳам бориб, у ерда термамизга ҳайрихоҳ бўлгани таҳсинга сазовор ишдир. Ана шу ишқибозлар гуруҳи билан ҳамкасбимиз, таниқли футбол шарҳловчиси Мурод Ризаев ҳам бирга. Замонавий алоқа воситаларидан фойдаланиб биз Мурод акани сўроққа тутдик.

— Мурод ака, ғалабалар билан, ўйиндан кейин кайфиятлар, таассуротлар қандай?
— Табрик учун раҳмат, Норбек. Биласизми, бу ғалабани биз жуда кутган эдик. Йўл азоби нафақат бизни, балки футболчиларимизни ҳам чарчатгани аниқ. Лекин, шунча узоқ ва машаққатли йўлдан сўнг бундай ғалаба албатта ёқимли. Футболчиларимиз жонини бериб ўйнашди. Йигитлар Эрон ёки Корея билан ўйнаётгандек ҳис қилишни ўзларини. Аслида, оддийроқ ўйнаса ҳам бўларди.

Лекин, Вьетнам термаси корейс усулини ўрганибди. Фақат, улардан тўпни олиб қўйиш осонроқ. Тўпни йўқотмасликни ўрганса яхши жамоа бўлар экан. Бизда етакчи футболчилар кўп хато қилишди. Бизда реализация яхшимас. Анзурда кичик жароҳат бор. Одилнинг белидаги жароҳати энди тузалди. Сергеев ва Рашидовларнинг ургани яхши бўлди.

Дарвоқе, “Crownе Plaza” меҳмонхонасида менинг олдимга австралиялик бир мураббий келди. Бир ҳужумчи ва бир марказий ҳимоячи керак экан. Ўзбекистонда футболчилар қанча пул олишларини сўради. Мен эса 2-3 минг доллар атрофида, деб жавоб бердим. У эса ҳафтасига 30 минг берамиз, деди.

Ўйиндан бир кун олдин меҳмонхонадан стадионга бир йигит олиб бориб қўйди. Мотоциклчи экан, стадион қаердалигини сўрагандим, бир километрга текинга олиб бориб қўйди, пулимни ҳам олмади. Бу уларнинг футболсеварлигидан деб билдим. Стадионда кичкина чивинлар жуда кўп экан, устимизга роса ёғилди. Чироққа роса ёпирилишган. “Май Дин” стадиони жуда зўр, тўрт қаватли, таъмирдан чиқаришибди. Замонавий стадион.

— Одатда сиз терма жамоамизнинг сафар ўйинларига жуда кўп борасиз. Бу сафар мухлислар орасида...
— Тушундим, биласизми, Ўзбекистон миллий термасини қўллаб-қувватлаш ҳаммамизнинг бурчимиз. Имкон қадар бунга ҳаракат қиламан. Бундан буёғига бир йилча хорижда расмий ўйин йўқ. Шу сабабли бор имкониятимни ишга солиб, ишқибозлар билан бўлса ҳам сафарга йўлга тушдим. Ўзбекистон футбол федерацияси виза масаласида ёрдам берди. Бошқа масалаларда мухлислар раҳбари Абдураҳмон Фозилов яқиндан ёрдам берди ва Тошкент-Бангкок-Ханой-Гонгконг-Бангкок-Тошкент йўналишлари бўйича сафаримиз бошланди.

60 га яқин ўзбекистонлик мухлислар термамиз билан бирга бўлишни истадим. Имкон бўлса учрашувни шарҳлаш ҳам режада бор эди. Мухлислар билан Боинг-767 самолётида аввал Бангкокка қўндик. Бир хил оқ футболкадаги ўзбек мухлислари меҳмонхонага жойлашдик. Бангкок ҳавоси нам ва иссиқ, ҳиди ҳам нохуш. Кўчалари сайёҳлик учун мўлжаллангандек.

Ханойга келганимизда кўнглим ёришиб кетди. Ҳавоси худди ўзимизникидек. Одамлари ҳам хушмуомала, икки қўлини кўксига қўйиб ҳурматини билдирмоқда. Мен футболчиларимиз билан бирга “Crownе Plaza” меҳмонхонасига жойлашдим. Ханой кўчаларида мотоцикллар ва велосипедлар жуда кўпки, чумолидек ҳамма жойни қамраб олган. Кўчалари кичкина, лекин, ҳар бир оилада тўрттадан мотоцикл бўлса керак.

— Мурод ака, сиз вьетнамликларнинг ҳаёти билан ҳам қиззиққан кўринасиз...
— Ҳа, албатта. Вьетнамда одам жуда кўп. Зичлик шу даражадаки, 4 сотих жойда ўнтача хонадон жойлашган. Ҳар бирида алоҳида оила яшайди. Бозорлари ҳам ажойиб. Бир доллар 20 минг донгга тенг. Кўчаларида савдо сотиқ жуда ривожланган. Биринчи қаватлар дўконлар, уларнинг тепасида турар жойлар. Мотоциклда эру хотинлар ёки икки уч кишининг кетаётганини кўриш табиий ҳол.

Овқатлари бироз ғалатидек туюлди. Кўчаларда қўра қуриб, устида тезпишар овқатларни тайёрлаб сотишаркан. Узун тахтасининг икки учига сават осиб, ундаги овқатларни сотиб юришибди. Айримлар бошига сават кийиб олишган, росмана тўқилган сават. Бош кийим сифатида кийишаркан. Ўзимизнинг қовун ёки тарвузимиздан кичикроқ мевалари кўп экан.

— Гонконгга сафар қачон бошланади?
— Биз якшанба куни, маҳаллий вақт билан 19.00да, Тошкент вақти билан 17.00 да учамиз. Насиб қилса у ерда ҳам термамизни қўллаб-қувватлаб, ғалаба билан юртга қайтамиз.

— Футболчиларимизга ва уларга ҳамроҳ мухлисларга омад ва омонлик тилаймиз.

Норбек Ниёзов суҳбатлашди.

Манба: www.sports.uz
Киритилди: 10:14, 17.11.2013.
Ўқилди: 5248 марта.
Фикрлар: 7 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.