Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Осмонўпар бинолар юрти: Ўзбекистонлик мухлисларнинг Гонконг сафари

Баҳо:
+1 | -

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Осиё кубоги саралаш ўйинлари доирасидаги Вьетнамга қарши учрашуви ва унда ўзбекистонлик мухлисларнинг иштироки ҳақида маълумотлар бергандик. Терма жамоамизни “таъқиб этиб” бораётган мухлислар қаторида журналист, футбол шарҳловчиси Мурод Ризаев ҳам бор. Мурод ака sports.uz мухлислари учун Гонконгга сафар таассуротларини ҳам тақдим этди. Уларни сиз билан баҳам кўрамиз.

 

“Даҳшатли Гонконгдан салом”, - деб бошлади Мурод ака ҳикоясини. Ҳамкасбимизнинг завқу шавққа тўла инсон эканлигини унинг шарҳларидан ҳам мухлислар яхши билишади. Гонконгдаги илк таассуротлар шундай бошланди.

 

“Гонконг ўзининг осмонўпар бинолари билан барчамизни ҳайратга солмоқда. Очиғи, таърифга тил ожиз. No comments! Аэропортдан шаҳар маркази сари йўл олар эканмиз, денгиз портлари ва улардаги баҳайбат кемалар эътиборимизни тортди. “Вау, Вууу” деган овозлар эшитила бошланди.

 

 

 

Мамлакат фақат баланд иморатлардан иборат экан, 30 қаватдан 80 қаватгача. Биз жойлашган “Best Western” меҳмонхонаси 45 қаватдан иборат бўлиб, биз энг юқорисидан ўрин олдик. 45-қаватдан шаҳарни томоша қилиш мароқли экан. Айниқса, юқоридан қараганда, машиналар чумолидек изма-из юришибди. Жуда кичик кўринади. Айтмоқчи, бу ерда Вьетнамдаги каби мотоцикллар йўқ экан”.

 

Аввалги мақолада, ёдингизда бўлса, Вьетнам ҳақида гапирилиб, у ердаги мотоцикллар асосий эпизод сифатида кўрсатилган эди. Мурод ака ҳикоясининг давомида хорижликларнинг ҳам ўзбекистонликлар орасига қўшилгани айтилади.

 

“Аэропортда бизнинг гуруҳда ёши тахминан олтмишларда бўлган яна бир киши қўшилди. У бразилиялик Карлос Пирис бўлиб, соч йиғиш билан шуғулланар экан. Барчада яхши таассурот қолдиргани учун у ҳам биз билан меҳмонхонага йўл олди. У Сколарининг дўсти бўлиб, Коринтиансда яшар, “Сан-Паулу”га мухлислик қилар экан. Мен у билан бир хонадан жой олдим”.

Шу ўринда бразилияликнинг касби ҳақидаги маълумот мавҳум бўлиб қолмоқда, соч йиғадими ёки турмаклайдими. Йиғадиган бўлса, Мурод ака Тошкентга сочсиз қайтади, турмаклайдиган бўлса, кўриниши анча ёшариши мумкин (ҳазил).

 

Мурод Ризаев ва ҳамроҳлари куннинг иккинчи ярмида терма жамоамиз мураббийи иштирокидаги матбуот анжуманида бўлишди, шунингдек, термамизнинг машғулотларида ҳам иштирок этишди.

 

 

“Гонконг ҳавоси жуда зўр. Ўзбекистон ҳавосига жуда ўхшаб кетади, иқлим билан боғлиқ муаммо умуман йўқ. Икки қаватли трамвайда шаҳарни кезаяпмиз”.

 

Шундан сўнг Мурод ака футболга оид маълумотларга ўтди.

 

“Гонконг ўзининг баланд иморатларию икки қаватли трамвайлари, улкан кемалари ва портлари билан барчамизни ҳайратга солган бўлса-да, бизнинг барчамиз футбол учун келганмиз. Барчамизни бу мамлакат термаси билан бўладиган муҳим ўйин қизиқтирмоқда. Чунки, мухлислар Тошкентдаги дурангни унутганлари йўқ.

 

Миллий термамиз тўрт юлдузли “Regal riverside” меҳмонхонасида истиқомат қилмоқда. Уларнинг олдига бориш учун меҳмонхонанинг номини таксичига айсак, шаҳарда бундай номдаги 6 та меҳмонхона борлигини айтишди. Футболчилар жойлашган меҳмонхонани қидириб дастлаб, Гонконг термаси турган жойга бориб қолибмиз. Футболчи кийимидаги йигитлар юрган экан, уларнинг олдига бориб сўрадим. У таксичига манзилни тушунтирди. Футболчининг кимлигини сўрасам, у терма жамоа сардори экан! Топиб бордик. Шу тариқа “Regal riverside”га келиб олдим. Анзур Исмоилов билан гаплашдим. Унда кичик жароҳат бор, лекин, эртага ўйнаши мумкин экан. Термамиз аъзолари билан бирга матбуот анжуманига йўл олдик”. 

 

 

Мурод Ризаев шарҳловчилик нуқтаи назаридан баъзи таҳлилларни ҳам амалга оширди. “Эртанги ўйинда таркибда баъзи ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда. Жумладан, Одил Ахмедов ярим ҳимояга қайтади. Мухлислар билан бирга термамизнинг машғулотларини кузатдик. Футболчилар ҳам мухлисларнинг ёнига келиб уларга миннатдорлик билдиришди. Виталий Денисов келиб, эртага ҳам шундай қўллаб-қувватлаб туришимизни сўради".

 

Мурод аканинг айтишича, “Стадиондан 900 метр узоқликда яшаётган мухлислар эртага ўйинга сурнай ҳам олиб киришади ва қўллаб-қувватлаш бошқача бўлади”.

Шундай қилиб, Мурод Ризаевнинг Гонконгдаги ўйинолди куни таассуротлари шундай бўлди. Биз ҳамкасбимизга қизиқарли маълумотлар учун миннатдорлик билдирамиз.

 

 

 

Фикрларни журналист Норбек Ниёзов оққа кўчирди.

 

Манба: www.sports.uz
Киритилди: 20:49, 18.11.2013.
Ўқилди: 7862 марта.
Фикрлар: 20 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.