Мавсум-2013ни Қаршининг «Насаф» клуби муваффақиятли якунлаб, бронза медалини қўлга киритди. «Аждарлар»нинг бу ютуғида тажрибали ярим ҳимоячи Илҳом Юнусовнинг ҳам муносиб улуши бор.
Ўз навбатида ушбу футболчи ўз клубидаги ёрқин ўйинлари боис, миллий терма жамоамизга ҳам жалб этилиб, Миржалол Қосимов шогирдларининг 15 октябрь куни Тошкентда Вьетнам терма жамоасига қарши кечган баҳсида, термамиз таркибида ўз дебютини ўтказганлигини ҳам эътироф этиш жоиз.
- Жамоангиз бу йилги мавсум баҳсларини ишончли тарзда ўтказиб, якунда бронза медалини қўлга киритди. Бу муваффақиятдан хурсанд бўлсангиз керак, албатта?
- (кулиб) Менимча, 2-поғонани банд этсак, яхши бўларди. Умуман олганда, бу йил клубимизнинг олдига сов-риндорлар сафидан жой олиш вазифаси қўйилганди. Шунинг учун бронза медали ҳам менимча, ёмон натижа эмас. Асосийси, дастлабки учликдан ўрин олдик.
- «Насаф» сўнгги йилларда Ўзбекистон кубоги баҳслари финалида мунтазам иштирок этиб келаётганлигига қарамай, биллур совринни қўлга киритолмаяпти. Бу йил ҳам ҳал қилувчи баҳсда «Бунёдкор»га муносиб қаршилик кўрсатганларингга қарамай, майдонни мағлуб ҳолда тарк этдиларинг. Бунинг сабаби нимада?
- Футболда ғалабалар билан бирга мағлубиятлар ҳам ёнма-ён юришини ёддан чиқармаслик лозим. Бундан ташқари, омад ҳам муҳим роль ўйнайди. Аввалги йиллардаги финалларда жамоамиздан омад юз ўгирган бўлса, якунланган мавсумдаги ҳал қилувчи учрашувда чарчоқ аломатлари ўз сўзини айтди, менимча. Боиси, финал учрашуви арафасида биз каби сов-риндорлар сафидан жой олишга интилаётган «Локомотив» (18-тур, 0:2) ва «Пахтакор» (19-тур, 1:1) клубларига қарши қийин учрашувларни ўтказдик. Айниқса, «шерлар» билан бўлган ўйин оғир кечди. Натижада финал баҳсида кучимизни тенг тақсимлай олмадик. Бу эса якунда мағлубиятимизга сабаб бўлди. Худо хоҳласа, келаси йилги мавсумда кубокни қўлга киритиш учун барча имкониятимизни ишга соламиз.
- Якунланган мавсум давомида жамоада молиявий муаммолар юзага келмадими?
- Йўқ. Маош ва мукофот пулларини ўз вақтида олдик. Биздан фақат майдонга тушиб, ўз ўйинимизни намойиш этиш талаб этилди, холос.
- Устозингиз Рўзиқул Бердиевнинг бошқа мураббийлардан фарқли жиҳати нимада?
- Менимча, ҳар бир мутахассиснинг бошқаларга ўхшамайдиган, ўзига хос жиҳатлари бўлади. Рўзиқул акага келсак, у машғулотларни ранг-баранг тарзда олиб бориб, биз футболчиларни ўйинларга ўзгача руҳда тайёрлай олади. Қисқаси, унда замонавий мураббийларга хос барча жиҳатлар мужассам.
- «Насаф» билан тузилган шартномангизнинг муддати қачон ўз ниҳоясига етади?
- Жорий йилнинг охирида якунланади. Аммо шартномам муддатини яна узайтирмоқчиман. Боиси, клубда мени барча нарса қониқтиради.
- Осиё кубоги - 2015 саралаш баҳслари доирасида 15 октябрь куни Вьетнам терма жамоасига қарши кечган баҳсда миллий терма жамоамиз таркибида ўз дебютингизни нишонладингиз. Ўша ўйин сизда қандай таассурот қолдирди?
- Мамлакат бош жамоасида тўп суриш барча футболчининг орзуси. Мен эса бу бахтга 31 ёшимда эришдим. Ўша учрашувга келадиган бўлсам, менда жуда яхши таассурот қолдирди. Лекин барча имкониятимни намойиш этолмадим. Боиси, танаффусга саноқли дақиқалар қолганида алиштирилдим.
- Бундан хафа бўлмадингизми?
- Кимни майдонга туширишни мураббий ҳал қилади. Чунки натижа учун у жавоб беради. Тажрибали бўлганлигим ҳамда терма жамоадаги футболчиларни яхши билганлигим сабаб, вьетнамликларга қарши кечган баҳсда ҳаяжонланмадим. Аммо бош жамоамиз либосида илк марта майдонга тушганлигим боис, ўйинга яхши киришиб кетолмадим, менимча. Терма жамоамизнинг кейинги баҳсларида бор имкониятларимни ишга солиш, мураббийлар ишончини оқлашга астойдил интиламан.
- Миллий терма жамоамиз шу ойда сафарда Вьетнам ва Гонконг терма жамоаларига қарши кечган баҳсларда ғалаба қозониб, ўз олдига қўйган мақсадни уддалади, яъни қитъа биринчилиги йўлланмасини қўлга киритди...
- Бош жамоамизнинг Осиё кубоги-2015 йўлланмасини қўлга киритганидан хурсандман. ЖЧ-2014га йўл ололмаганимиздан мухлислар жуда хафа эдилар. Қитъа биринчилиги йўлланмаси қўлга киритилганидан уларнинг кўнгиллари сал бўлса-да, кўтарилди, менимча. Терма жамоамизнинг бундан кейин ҳам ўз ютуқлари билан ишқибозларга қувонч улашиши тарафдориман.
- Клубингиз ҳам келаси йили ҳам ўз мавқесини сақлаб қолиш учун кураш олиб бориши эҳтимолдан холи эмас...
- Албатта келаси мавсумда ҳам совриндорлар қаторидан жой олиш, янаям аниқроғи, бу йилги натижамизни янада яхшилаш, ҳаттоки чемпионлик учун интиламиз. Менимча, воҳадан ҳам чемпион чиқадиган вақт келди.
Маълумот учун
Илҳом Юнусов
Туғилган санаси ва манзили: 1982 йил 3 май, Самарқанд шаҳри
Футбол билан 7 ёшидан шуғулланишни бошлаган
Самарқанддаги БЎСМни битирган
Биринчи мураббийлари: Қаҳрамон Маматқулов ва Саид Эгамбердиев
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Ўйнаган жамоалари: «Олтин бошоқ» (Жомбой, 1-лига) - 2000; «Бухоро» (Бухоро) - 2001 - 2008; «Динамо» (Самарқанд) - 2009-2010; 2011 йилдан «Насаф»да
Оилали, 3 фарзанднинг отаси
Мухлислик қиладиган жамоалари: «Барселона» ва «Бавария»
Ёқтирган футболчилари: Лионель Месси ва Франк Рибери
Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди