Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ бош мураббийи Вадим Абрамов Қозоғистоннинг «Остона» клубида иш бошлаши мумкинлигини тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг «Интерфутбол» газетаси хабар бермоқда.
Аввалроқ, 27 ноябрь куни Қозоғистоннинг Sports.Kz спорт портали Абрамов Қозоғистон пойтахти жамоасига бош мураббий этиб тайинланиши, яқин кунларда жамоа футболчиларига расман таништирилиши ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, шу куннинг ўзида Ўзбекистоннинг Std.Uz сайти Абрамов Қозоғистон миллий терма жамоасида иш бошлаши кутилаётгани ҳақида хабар тарқатган эди.
«Ҳа, Қозоғистон сайтида чиққан маълумотни инкор эта олмайман. «Остона» вакиллари билан оғзаки суҳбат бўлиб ўтди, лекин ҳозирча ҳеч қандай расмий музокаралар бўлгани йўқ, ҳеч қандай шартномага ҳам имзо чекмаганман», – деди Абрамов «Интерфутбол»га берган интервьюсида.
«Интерфутбол» хабари 27 ноябрь куни чоп этилган бўлиб, унда Абрамов: «Эртага Остонага учиб кетяпман», – деб айтган.
51 ёшли Вадим Абрамов 2012 йилнинг июнидан бери бирорта жамоада мураббийлик қилаётгани йўқ. Ўшанда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2014 саралаш 4-босқичи 1-тур учрашувида Эронга имкониятни бой берганидан сўнг, Абрамов истеъфога чиқарилган ва унинг ўрнига Миржалол Қосимов бош мураббий этиб тайинланган эди.
Ўз вақтида Тошкентнинг «Трактор» ва «Локомотив» клубларига, икки марта Ўзбекистон олимпия терма жамоасига устозлик қилган Вадим Абрамов ҳозирда расман ЎФФ Терма жамоалар марказида селекционер сифатида фаолият олиб бормоқда.