Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Мираброр Усмонов: «Менга ишқибозларнинг танқиди ёқади»

Баҳо:
+ | -

Яқинда Ўзбекистон футбол федерациясида республикамизда хизмат кўрсатган мураббий, спорт устаси Баҳодир Иброҳимовнинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган китобнинг тақдимоти бўлиб ўтганди. Ўша маросимда sports.uz мухбири Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмоновдан интервью олди.

Суҳбатнинг ўзбек тилидаги вариантини эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Мираброр Зуфарович, ушбу китоб ёш авлод эътиборини қозона оладими?

- Баҳодир Иброҳимов футбол учун кўп ишларни амалга оширган. У ўз вақтида «Пахтакор»нинг моҳир ўйинчиси, кейинчалик мураббийи бўлган. Мураббий сифатида юртимиздан ташқари, Бирлашган Араб Амирликлари, Сурия, Саудия Арабистони каби мамлакатларда фаолият олиб борган. Ушбу мамлакатларнинг футболини ривожлантириш орқали миллий футболимиз салоҳиятини намоён эта олган мутахассисдир.

Бу китоб Ўзбекистон футболи тарихида яна бир ёзиб қолдирилаётган саҳифадир. Ёш футболчилар ва футболга қизиқувчиларнинг барчаси бу китоб орқали Баҳодир Ибраҳимов, “Пахтакор” жамоаси ва футболимиз ҳақида маълумот олади. Бу мутахассиснинг қандай спортчи ва инсон бўлганини, футболимиз ривожи учун қанча меҳнат қилганини билиб олишлари ҳам мумкин.

Ўтган йили биз ўзбек футболининг 100 йиллик юбилейини нишонладик. 100 йил – бу катта ва қизиқарли тарих, аммо минг афсуски, унинг бўш саҳифалари ҳам бор.

Баҳодир Иброҳимов бу анчадан бери у ҳақида ёзилиши керак бўлган ёрқин намояндалардан бири. Бундай китобларни кўпроқ чоп этишимиз керак. Федерация режаларида Ўзбекистон футболи ва футболчилари ҳақида туркум китоблар чиқариш масаласи ҳам бор. Биз фахрланадиган ва ёшларга айтадиган нарсалар жуда кўп.

- Журналистларнинг футболчилар ўйини ва мураббийлар ишига бераётган танқидий мулоҳазаларига қандай қарайсиз?

Мен журналистларни тушунаман ва бизни танқид қилишаётгани учун улардан миннатдорман. Танқидларнинг аксарияти том маънодаги фойдали маълумотлардир. Биз бу камчиликлар устида ишлаймиз ва бу ҳам футбол ривожига туртки бўлади.

Аммо фурсатдан фойдаланиб, журналистларга мурожаат қилмоқчиман. Бирор спортчи ёки мураббийнинг ишини танқид қилишдан олдин “Мен бу одамларни танқид қилишга ҳақлиманми?”, “Бу масалани қанчалик яхши тушунаман?”, “ Бу соҳа бўйича билим ва малакам етарлими?”, деб ўзларидан сўраб кўришсин.

Менга ишқибозларнинг танқиди жуда ёқади. Бу танқид хақиқатан ҳам футбол фидоийларининг танқиди. Бундай танқидлар яхши қабул қилинади. Уларни таҳлил қилган сари бу мутахассислар учун катта ёрдам эканини тушуниб етасан.

Баъзи журналистлар шундай ёзадики, ҳафа бўлиб кетасан киши. Ўша журналистлардан “Нима ҳақида ёзяпсиз? Ёзганларингизни ўзингиз тушуняпсизми?” деб сўрагинг келади. Аммо кўпинча бундай танқидлар остида ҳеч қандай асос бўлмайди.

Бу гапимдан мен танқидчиларни танқид қилаётган бўлиб чиқяпман. Аммо ундай эмас. Шунчаки, журналистлар қўлга қалам олишдан олдин ўзларининг билимларини ва профессионал даражада таҳлил қила олиш имкониятларини баҳолашларини истардим.

Яқинда 70 га тўламан, ёшим улуғ, жуда кўп раҳбарлик лавозимларда фаолият юритганман, шундай бўлса-да, ходимларимни танқид қилишдан олдин кўп ўйлайман. Бирор нимани талаб қилишдан олдин мен 2-3 кун вазиятни таҳлил қиламан. Асли касбим - ошпаз. Ошпазлардан чиққанман. Ошпазлик маҳорати бўйича кечаю кундуз танқид қилишим, танбеҳ беришим мумкин. Бунга аминман ва шу ишни билганим учун айтяпман.

Қаерда фаолият юритган бўлсам ҳам танқидга жуда жиддий қараганман. Кимдандир ниманидир талаб қилишдан, унинг олдига вазифа қўйишдан ва режа тузишдан олдин пухта ўйлайман ва “Олдиндаги масалани ечиш учун ҳамма иш тўғри қилиндими?”, деб ўзимдан сўрайман.

Айтиш жоиз бўлса, мен 8 йилдан бери футбол ичидаман. 8 йил олдин федерацияга келганимда футболчилардан ҳеч нима талаб қилмайман, дегандим.

Нима учун дейсизми? Шунчаки, моддий-техник база бўлмаган. Мен аввал шароит яратиб бериб, кейин талаб қиламан, деб ўйлагандим ўшанда. Кейин Президентимиз Ислом Каримовдан кўмак сўраганман. Биласизми, шу 8 йил ичида футболни ривожлантириш бўйича саккизта қарор қабул қилинди. Ана шундай мустаҳкам пойдевор яратилди. 8 йил мобайнида 10 та янги стадион, футбол академияси ва 12 футбол мактаби қурдик.

Такрор айтаман. 8 йил олдин мен моддий-техник база яратиб берганимдан сўнг талаб қиламан дегандим. Ёдимда, ўшанда футбол федерациясининг хатто маош беришга пули йўқ эди. Талаб қилишни 6 йилдан кейин, бир ярим йил олдин бошладим. Натижаларни кўриб турибсиз: Икки марта U-17, U-19 жаҳон чемпионатларида, чемпионлар Лигасида иштирок этдик.

Бугун ОФК ва ФИФА Ўзбекистонни бўлғуси футбол мамлакати, деб эътироф этмоқда. Осиёда футболни ривожлантириш бўйича тўртинчи ўриндамиз.

- Мираброр Зуфарович, футбол федерациясида амалга оширилаётган катта ишлардан ташқари, Сиз Миллий Олимпия қўмитасини ҳам бошқарасиз. Бу борада ишлар қандай кетмоқда?

- Даставвал қўмитадаги аҳвол ҳам футбол федерациясиникига ўхшаш эди. Маблағ базўр етарди, спортни ривожлантириш учун ҳеч қандай ваколат йўқ эди. Қўмитанинг аввалги раҳбариятини танқид қилишдан йироқман – улар мураккаб вазиятда ишлаган. На маблағ, на ваколат бўлган. Аммо бугун Президент Ислом Каримов Миллий Олимпия қўмитасига кўп ваколат бермоқда.

Масалан, ҳеч қайси федерация Олимпия қўмитаси розилигисиз федерация раиси ёки бош котиби вазифасига номзод кўрсатиш ва овозга қўйиш ҳуқуқига эга эмас. Олимпия қўмитаси жамғарма тузган ва у орқали истеъдодли спортчиларга стипендия, яхши ишлаётган мураббийларга мукофот берилади. Бу федерациялар давлат томонидан молиялаштирилишидан ташқари, ҳар бирига бир миллион АҚШ долларидан маблағ берилади. Бу маблағларни Олимпия қўмитаси назорат қилади.

- Бугунги кунда республикамизда Олимпия ўйинларига лицензия олиши мумкин бўлган федерацияларнинг сони қанча?

Бундай федерациялар сони ўн бешта. Уларнинг фаолияти менинг назоратимда, мен улар билан деярли ҳар куни шуғулланаман. Аммо ачинарлиси шундаки, ушбу федерациялардан фақат 2 киши халқаро федерациялар ижроия қўмитасига аъзо.

Қандай тушунтирсам экан? Нима учун биз халқаро ташкилотларнинг қўмита ва комиссияларида ўз вакилларимизга эга эмасмиз? Бу бугунги кундаги энг долзарб масала. Шу сабабдан биз халқаро ташкилотлар билан музокара олиб бориб, ушбу масалани кўндаланг қўйяпмиз.

- Бу борада дастлабки натижалар қандай?

- Яқинда Олимпия қўмитасида Халқаро оғир атлетика федерацияси президентини қабул қилдик. Музокаралар муваффақиятли ўтди: ушбу федерацияси қўмиталарида икки ҳамюртимиз иш бошлади. Ҳозир ижроқўм аъзолигига номзод тайёрлаяпмиз. Қолган федерациялар билан ҳам ҳудди шундай ишлаймиз. Халқаро федерациялар билан доимий алоқани йўлга қўйиш керак. Бусиз спортни ривожлантириш қийин бўлади.

Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармасининг Ҳомийлик кенгаши раиси ҳисобланади. Бу болалар спортининг моддий-техник базасини яратиш ва уни ривожлантиришда жуда муҳим. Бу ноёб тизим дунёнинг ҳеч бир мамлакатида йўқ ва у билан айни пайтда Хитой ва Россия каби давлатлар қизиқмоқда. ФИФА халқаро конгрессида таъкидлашларича, Ўзбекистон давлат раҳбарияти билан мустаҳкам муносабатларда ишлайдиган ягона мамлакат ҳисобланар экан.

Мен Президентимизнинг спортга бўлган эътиборини қўллаб-қувватлайман. Спорт медаллар ва унвонлар ортидан қувиш эмас, балки соғлом авлод тарбиялаш воситасидир.

- Сўнгги савол. Сиз назоратимда 15 та федерация мавжуд дедингиз. Олимпия спорт турларига қарашли қолган федерациялар қай аҳволда? Уларнинг кўпида 8 йил олдин футбол федерациясида бўлгани каби ходимларига маош беришга ҳам маблағи йўқ.

- Бу жуда мураккаб савол. Ҳозир бу масала ҳал қилинмоқда. Ахборот тўплаб, таҳлил қилинмоқда. Кейинги йилнинг мартидан бошлаб Миллий Олимпия қўмитаси бу масалани ечишга жиддий киришади, деб ўйлайман.

Мираброр Зуфарович, Sports.uz спорт портали сермазмун ва қизиқарли суҳбат учун миннатдорчилик билдиради.

Софья Алиева суҳбатлашди.

Манба: www.sports.uz
Киритилди: 09:37, 29.11.2013.
Ўқилди: 4455 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.