2-6 декабрь кунлари Бухоро шаҳрида 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишлаб халқаро турнир ўтказилди. Бунда иштирок этган “Машъал” футбол мактабининг 1998 йилда туғилган футболчилари 12та жамоа орасида биринчи ўринни эгаллашди.
Украиналик мураббий Николай Лапа бошқарувидаги жамоа дастлаб Жиззахнинг “Ёшлик” жамоасини 6:2, кейин Бухоро спорт коллежи жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Шундан сўнг ярим финалга йўл олган “Машъал-98” Қозоғистон вакилини 3:0 ҳисобида доғда қолдирди.
Бугун бўлиб ўтган ҳал қилувчи финал баҳсида Бухоро футбол мактаби тарбияланувчилари 2:1 ҳисобида мағлуб этилди. Қозоғистон жамоаси билан кечган баҳсда Абдуллаев Алҳам иккита тўп киритган бўлса, яна бир гол Рустамов Суннат томонидан урилди. Финалда эса Абдуллаев Адҳам ва Алижонов Илҳом томонидан киритилган биттадан гол ёш “машъалчилар”га ғалаба келтирди.
Мусобақа якунига етгач, одатдагидек ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими ўтказилди. “Машъал-98” олтин медаллар билан тақдирланган бўлса, Бухоро жамоасига кумуш медаллар ва “Шўртан” тарбияланувчиларига бронза медаллар тақдим этилди.
Турнир якунларига кўра, “Машъал-98” аъзоси Алижонов Илҳом мусобақанинг “Энг яхши ҳужумчиси” деб топилди. Энди 10 декабрдан бошлаб футболчиларимиз қишки таътилга чиқишади, машғулотлар янги йилдан кейин давом эттирилади.