Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазири буйруғи билан республика ва халқаро миқёсдаги спорт мусобақалари вақтида Ўзбекистон мадҳиясини ижро этиш қоидалари тасдиқланди. Буйруқ матни Lex.Uz’да чоп этилган.
Буйруққа кўра, спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида давлат мадҳиясини қисқартириб ижро этилишига йўл қўйилади. Бунда давлат мадҳиясининг бошланиши ва нақорат бир мартадан айтилади.
Давлат мадҳияси тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб давлат байроғига юзини бурган ҳолда куйланади (ёки тингланади).
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган Қонун билан тасдиқланган.
«Газета.uz»нинг эслатишича, 2010 йил охирида қонунга тузатишлар киритилиб, унга кўра мадҳия ижро этилаётган вақтда ҳозир бўлганлар тик туриб, ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб (ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб) ижро этиши ёки тинглаши белгиланган.
Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунни бузганлик учун жарима жазолари белгиланган.