Бугун якунланган ОФК семинарида клублар ўзлари учун керакли барча маълумотларни олдилар. «Локомотив» ўз рақибларига улар учун яратиб бериладиган барча шарт-шароитларни клуб тақдимоти орқали тақдим этди.
Кўпчилик тахмин қилаётгандек, «темирйўлчилар» плей-офф босқичининг 3-босқичида Қатарнинг «Лахвия» клуби билан учрашади. Семинарнинг сўнгги кунида биз «Лахвия» клуби менежери Аднан Ал-Али билан кичик суҳбат қурдик ва у қуйидагиларни биз билан ўртоқлашди:
“Юртингизда футболга бўлган эътибор нафақат бизни, балки бутун Осиёни ҳайратлантирмоқда. Биргина болалар футболини оладиган бўлсак сизнинг барча ёшдаги жамоаларингиз чемпионлик учун курашадиган терма жамоалар қаторига киради. Бу ўзбек футболининг катта тезлик билан ривожланаётганлигидан дарак беради. Менинг фикримча, бу ривожланиш ўзбек футбол клубларида ҳам кўзга ташланмоқда. Биз ОЧЛ саралаш босқичида ягона ўрин учун сизнинг жамоангизни асосий рақиб сифатида кўрмоқдамиз. Ҳатто бизнинг ОАВ ҳам «Локомотив»ни биз билан ўйнашини айтишмоқда. Албатта биз бошқа рақибларни хурмат қилган ҳолда, сизнинг клубингиз билан учрашишни ният қиляпмиз. Агар бу орзу амалга ошса, «Лахвия» клуби сизлар учун барча энг яхши шароитларни яратиб беради. Доҳада сизларни кутиб қоламиз".