Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Равшан Ҳайдаров: «Фаолиятимда «Пахтакор»нинг ўрни беқиёс»

Баҳо:
+ | -

Mавсум якунларига кўра, Самарқанднинг «Динамо» клуби олий лигада 8-ўринни эгаллади. Биринчи даврадан сўнг кучлилар сафини тарк этишга «даъвогар» ҳисобланган кўҳна кентликлар якунда нафақат элитада «жон» сақлаб қолишди, балки ўз имкониятлари даражасидан бир бош баланд сакрашди.

«Динамо» 26та ўйинда 8та ғалаба, шунча дуранг ва 10та мағлубият қайд этган ҳолда жами 32 очко жамғарди. Албатта, жамоанинг ўзига хос муваффақиятида бош мураббий Равшан Ҳайдаровнинг ҳиссаси катта. Бир неча йиллар давомида «Пахтакор» (шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоасида ҳам)да бош мураббий лавозимида ишлаб, катта тажриба тўплаган Равшан Акмалович янги мавсумга улкан умидлар боғламоқда. Дарвоқе, йилнинг энг яхши мураббийи танловига овоз бериш жараёнида бугунги суҳбатдошимизнинг исм-шарифи ҳам тез-тез тилга олинди. Қуйида Равшан Акмаловичнинг шу кунгача футболчи ва мураббийлик йўналишида босиб ўтган йўли билан яқиндан танишиш имкониятига эгасиз.

ОИЛАСИ, ИЛК ҚАДАМЛАР

 - Мен зиёли оилада туғилдим, - дея сўз бошлади Равшан ака. - Отам Акмал Ҳайдаров Ўзбекистон телевидениесида 40 йил давомида меҳнат қилдилар. Фаолиятларининг катта қисми болалар редакциясида ўтди. Онам ҳам 40 йилча педагог сифатида мактабда бошланғич синф ўқувчиларига таълим бердилар. Ҳозир ҳар иккалалари нафақадалар. Бир сўз билан айтганда, устозлар оиласида дунёга келдим, ўсиб-улғайдим, озми-кўп элга танилдим. Отам ҳам, онам ҳам кўплаб шогирдларни тарбиялаб вояга етказишган. Бугунги кунда уларнинг шогирдлари турли соҳаларда мамлакатимиз тараққиёти йўлида меҳнат қилишяпти. Оилада 5 фарзандмиз. Уйдагилар ўқиш, илм, ҳунар ўрганишимизга катта эътибор қаратишган. Айниқса, тарбия биринчи ўринда турарди. Бу борада дадам қаттиққўл эдилар. Футболга кириб келишим ҳақида тўхталсам, аксарият болалар сингари дарсдан бўшадим дегунча, кўчада тўп тепгани ошиқардим. Кейин жуда кўп футбол адабиётлари, мураббийлар томонидан ёзилган қўлланмаларни ўқирдим. Футболга қизиқишим чакки эмаслигини пайқаган дадам Титов номли (ҳозирги Республика Олимпия захиралари коллежи, - муал.) спорт интернатига етаклаб бордилар. 1974 йили имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишга қабул қилиндим. Шу тариқа футбол сир-асрорларини профессионал тарзда ўргана бошладим. Биринчи мураббийим - Владимир Трофимович Ятченко. Коллеждан кўплаб таниқли футболчилар етишиб чиқишган. Синфдошларим қаторида раҳматли Сирожиддин Бозоров, шунингдек, Фурқат Эсонбоев, Марат Мифтахутдинов, Константин Новиковни айтишим мумкин. Ҳозир кўплаб синфдошларим мураббийлик қилишяпти. Яна бир дўстим Баҳодир Каримов болалар мураббийи. Сафдошларим қатори мен ҳам футболчилик фаолиятим тугаганидан сўнг ўзимни мураббийликда синаб кўришга қарор қилдим. Укаларим ҳам футболга қизиқишди. Улар ҳам маълум муддат тўп тепишдию, аммо кейинчалик бошқа соҳаларни танлашди.

  ФУТБОЛЧИЛИК ФАОЛИЯТИ

- Интернатнинг 10-синфида ўқиб юрганимда, мени собиқ иттифоқ чемпионатининг 2-лигасида қатнашадиган «Старт» (Тошкент) жамоасига таклиф қилишди. 1978 йили катталар жамоасида дебют ўйинимни ўтказдим. Ундан кейин Биродар Абдураимов мураббийлик қилаётган «Шаҳрихончи» (Шаҳрихон) жамоасида ўйнадим. Фаолиятимдаги энг ёрқин мавсумлардан бирини айнан шу жамоада ўтказдим. Ўша йили минтақавий зонанинг 1-лигасига чиқиш учун «Шаҳрихончи» ва Жиззахнинг «Бўстон» жамоалари сўнгги тургача кураш олиб боришган. Мавсум ўзим учун ҳам муваффақиятли якунланган. Ўша, яъни 1979 йилги чемпионатда 22та гол ургандим. Чемпио­нат тўпурари ҳисобида эса 26та гол йиғилганди. Афсуски, ўша йили бир қатор дўстларимдан айрилдим. Сирожиддиндан ташқари, Владимир Собиров, Шуҳрат Эшбўтаев ва Равиль Агишев билан ҳам яқин дўст, тенгқур эдик, бирга ул­ғайганмиз. Улар биздан бир ёш катта синфда ўқишган. Машъум воқеа рўй берган куни сафарда, Қўрғонтепада ўйнагандик. Даҳшатли хабар ғоят қаттиқ таъсир қилганди. Ишончим комил, агар фожеа рўй бермаганида, «Пахтакор» ўша йили совриндорлар сафидан жой оларди. Афсуски, жамоа аъзоларининг умри қисқа экан. 1980 йили мени «Пахтакор»га чорлашди. У пайт жамоага Москвадан мураббий - Сергей Мосягин чақирилганди. Бир йил давомида жамоа шарафини ҳимоя қилдим. Ёш бўлганим учун асосан ўринбосарлар таркибида ўйнадим. Жамоани шакллантириш асосий вазифа қилиб қўйилганди. Мен билан бирга Марат Кабаев, Константин Новиков, Игорь Иванов каби футболчилар «Пахтакор»га ўтишганди. Кейинчалик уларнинг кўплари узоқ муддат жамоада тўп суришди. Мен эса мавсум якунланганидан сўнг 2-лига иштирокчиси «Динамо» (Самарқанд)га қайтдим ва 4 йил кўҳна шаҳар жамоаси шарафини ҳимоя қилдим. 1-лигага ўтиш турнирларида қатнашдик. «Динамо»дан кейин «Хива», «Жайхун», «Хонқа» жамоаларида ўйнадим. 1989 йили «Трактор» сафига қўшилдим. Пойтахт жамоасида 1996 йилга қадар тўп тепгач, футболчилик фаолиятимни якунладим.

  МУРАББИЙЛИК ФАОЛИЯТИ

- Ўзимни футболдан бошқа соҳада тасаввур қилолмаслигимни билиб, 1997 йилдан мураббийлик фаолиятини бошладим. Аввалига «Трактор»нинг ўринбосарлар жамоасида ишладим. 1998 йили эса асосий таркибни қабул қилиб, уни 3 йил бошқардим. 2001 йили мен учун кутилмаган чорлов бўлди. Ўзбекистон миллий жамоасига, бош мураббий ёрдамчиси лавозимига таклиф қилишди. Ўшанда жамоани россиялик Владимир Сальков бошқарарди. Бир йилдан сўнг терма жамоага бош мураббий этиб тайинландим. Очиғи, бу лавозим учун ёш эдим. Зиммамга катта масъулият юкланганди. Янги иш жойида амалга оширган илк ишимиз «Пахтакор» клубини терма жамоа базаси тимсолида шакллантириш бўлди. Ёш, иқтидорли футболчиларни «Пахтакор»га жалб қила бошладик. Ўйлайманки, ўша даврда бу тўғри қарор эди. Зеро, барча жамоалар ҳам хорижда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказолмасдилар. «Пахтакор»да эса бундай имконият бор эди. Сервер Жепаров, Темур Кападзе, Леонид Кошелев сингари истеъдодли футболчиларни таркибга олдик. Ҳам терма жамоа, ҳам «Пахтакор» мураббийлар штабида ишладим. 2005 йили эса «Пахтакор»га ҳам бош мураббий этиб тайинландим. Бу клубда ўйнаш ҳар қандай футболчи учун шараф бўлганидек, мураббий сифатида ишлаш ҳам фахр ҳисобланади. Шундай жамоа таркибида футболчи сифатида ўйнаганим, бош мурабий вазифасида ишлаганимдан фахрланаман. Болалигимдан шу жамоа мухлиси бўлганман. Хуллас, 10 йил давомида ўзим яхши кўрган жамоага мураббийлик қилдим. Бу соҳада танилишимда «Пахтакор»нинг ўрни беқиёс. Турли лавозимларда ишладим: оддий мураббийдан тортиб, то академия раҳбаригача. «Пахтакор»дек катта даргоҳда ҳар қандай вазифада ишлаш фахрли, аҳамиятли. Академия - жамоанинг бойлиги. Самвел Бабаяннинг саъй-ҳаракатлари билан ташкил қилинган академия бугун ўзбек футболига беминнат хизмат қилмоқда. Исталган ёш тоифасидаги терма жамоа таркибига назар ташласангиз, албатта, унинг таркибида «Пахтакор» тарбияланувчилари бор.

Бу йилги мавсумни «Динамо» бош мураббийи сифатида ўтказдим. Ўйлашимча, 8-ўрин клубимиз учун ёмон натижа эмас. Асосийси, раҳбарият билан келишган ҳолда Самарқандда рақобатбардош жамоа ташкил этишни мақсад қилганмиз. Айни пайт футболчилар таътилда. Умуман, янги мавсумда «Динамо» янада кучлироқ ўйнайди, деб ўйлайман.

  ОИЛА МУҚАДДАС ДАРГОҲ

- Нимаики қилаётган бўлсак, бунинг барчаси оиламиз фаровонлиги учун. Оила жамиятнинг бир бўлаги экан, ундаги хотиржамлик муҳим саналади. Фарзандларимизни тўғри тарбиялаб, юрт корига ярайдиган инсонлар қилиб вояга етказсак, бу Ватан учун қилган энг катта ишимиз бўлади. Шахсан ўзим бу нарсага катта эътибор қаратаман. Тўғри, эркак кишининг кўп вақти кўчада ўтади. Оиласи равнақи учун туну-кун меҳнат қилади. Футболчилик, ке­йинчалик мураббийлик фаолиятим сабаб уйда кам бўлардим. Минг бор шукр қиламан, бу ҳолатда ота-онам менга кўмакдош бўлишди. Фарзандларимнинг тарбияси билан кўпроқ улар шуғулланишарди. Қолаверса, бобо ва бувининг тарбиясини олган набиралар барибир, бошқача бўлишади. Шукрки, бу борада кўнглим хотиржам эди. Рафиқам Дилфуза Ҳайдарова ҳам зиёли, педагоглар оиласидан. Консерваторияда ўқиб юрган кезлари танишганмиз. Унинг дунёқараши бизнинг оилага жуда мос тушган. Яратганга шукр, рафиқам билан биргаликда 3 нафар ўғил фарзандни тарбиялаб, вояга етказдик. Катта ўғлимизни уйлантирганмиз. Ҳозир бобоман. Тўнғичимиз Музаффар Тошкент Давлат шарқшунослик институтининг халқаро иқтисодий муносабатлар факультетида таҳсил олган. Бугунги кунда ўз йўналишида катта қўшма корхонада ишлаяпти. Хориж тилларига қизиқиши жуда юқори. Ўртанча ўғлим Сарвар давомчим сифатида мураббийлик фаолиятини олиб боряпти. «Пахтакор» академиясида болалар мураббийи. 2000 йилда туғилган футболчилар гуруҳига устозлик қилади. Ўзи ҳам футбол ўйнаган. Лекин мураббийлик соҳасига қизиқиши устунлик қилди. Кенжамиз Санжар 9 ёшда. У футболчи бўлиш ниятида «Пахтакор» академиясида миллионлар ўйини сир-асрорларини ўрганяпти.

Футбол оламида озми-кўп танилганим учун фарзандларимни профессионал даражада ўйнашга мажбурламадим. Яна уларда руҳий босим туғилишини хоҳламадим. Бошқача айтганда, «Дадасининг орқасидан, унинг кучи билан юрибди-да» қабилидаги гап-сўзларга дуч келишлари олдини олишга ҳаракат қилдим. Бу ҳолат истаймизми-йўқ, барибир, бир кун уларнинг фаолиятларига салбий таъсир қиларди. Ўзлари ҳам ўртамиёна футболчи бўлишни хоҳлашмади. Аминманки, ўғилларим миллий чемпионатимизда ўртача даражада ўйнаб юришлари мумкин эди. Лекин буни ўзлари ҳам исташмади. Муҳими, икки фарзандим ўз соҳасида ишлаяпти. Айниқса, Сарварнинг болалар мураббийлари тақчил бўлиб турган бугунги кунда шу йўналишни танлаганидан хурсандман. Унда янгиликларга интилиш жуда кучли. Интернет орқали мураббийликдаги янгиликларни доимо ўзлаштириб боради. Болалар билан ишлаш мароқли, лекин ўта масъулиятли. Исталган соҳада ёшликда олинган илм муҳим ва ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Мураббий ўз вақтида боладаги истеъдодни аниқлаб, юзага чиқара олса, бу унинг катта ютуғи. Ниҳолни ёшлигида қайси томонга бурсангиз, ўша тарафга қараб ўсади. Футболда ҳам худди шундай.

  ЭЪТИРОФ

- Равшан билан бирга ўқиганман. Фақат, мен 5-синфда ўқишга қабул қилинган бўлсам, у адашмасам, 7-синфда сафимизга қўшилганди. Тўғрисини айтаман, Равшан тенгқурларига ҳар томонлама ўрнак эди. Энг муҳими, аъло баҳоларга ўқиган, яхши футболчи бўлган. Афсуски, Самарқанднинг «Динамо» жамоаси таркибида орттирган жароҳати кейинги фаолиятига таъсир ўтказмай қолмаган. У билан «Жайхун» жамоасида бирга тўп сурганман. Кейинчалик мураббийлик соҳасида ҳам йўлларимиз туташди. Аниқроғи, «Трактор»да бош мураббий сифатида ишлаб юрган кезлари мени клубга таклиф қилди. Лекин 3 ойдан кейин мени ўз ўрнига қўйиб кетди. Бир сўз билан айтганда, шундай дўстим борлигидан хурсандман. Менга берилган имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда унинг оиласига тинчлик-хотиржамлик, бахт-саодат, ишларига ривож тилайман. Қаерда бўлишидан қатъий назар, ўзбек футболи ривожига ўз ҳиссасини қўшиб юраверсин. Марат МИФТАХУТДИНОВ («Астана» клуби катта мураббийи, дўсти).

- Равшан билан ҳозирги Республика Олимпия захиралари коллежида бирга ўқиганмиз. Синфимизда энг тиришқоқ, хулқи ҳам намунали ўқувчилардан бири Равшан эди. Тенгқурларимиз орасидан биринчи бўлиб катталар жамоасига ҳам айнан у таклиф қилинган. Тошкентнинг «Старт» клубига ўтганди. Собиқ иттифоқ чемпионати 2-лигасида қатнашадиган бу клуб сафида мавсумни жуда яхши ўтказди. Футболчилик фаолияти якунланганидан сўнг мураббийликда ўз омадини синаб кўряпти. Кўз тегмасин, бу соҳада ҳам ижобий натижаларга эришди. Аввал футболчилик фаолиятини якунлаган «Трактор», кейин эса «Пахтакор» ва ҳар бир мутахассис учун орзу бўлган Ўзбекистон миллий жамоасида бош мураббий бўлиб ишлади. Ҳалигача ўша интернатда таҳсил олган дўстларимиз билан учрашиб, футболимиздаги воқеликларни муҳокама қилиб турамиз. Фурсатдан фойдаланиб, дўстимга кейинги фаолиятида омад ва зафарлар тилайман. Фурқат ЭСОНБОЕВ, дўсти).

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 12:44, 15.12.2013.
Ўқилди: 4365 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.