Бугун пойтахтимиздаги “ЖАР” спорт соғломлаштириш мажмуасида бокс бўйича катталар ўртасида мамлакат чемпионати баҳслари бошланди. Бу йилги мусобақада жами 160 нафар чарм қўлқоп усталари 10 вазн тоифасида ғолиблик учун кураш олиб борадилар.
Чемпионатнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар 2013 йилги спорт мавсуми кўплаб спорт турлари вакиллари каби юртимиз чарм қўлқоп усталари учун ҳам муваффақиятларга бой бўлганлигини ва ўз олдига доимо юқори мақсадларни қўядиган терма жамоамиз аъзоларига 2014 йилги мавсумда ҳам омад ва зафарлар тилашди.
Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жаҳон чемпионатларида юқори натижаларга эришгани учун Ўзбекистон Республикаси спортчиларини мукофотлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2008 йил 25-ноябрдаги Фармонига кўра, жорий йил Қозоғистонда ўтказилган жаҳон чемпионати баҳсларида кумуш медал совриндори бўлган Жасур Латиповга олти минг АҚШ доллари ҳамда бронза медали соҳиби Ойбек Мамазулуновга уч минг АҚШ доллари миқдорида пул мукофотларининг сертификати тантанали суръатда топширилди.
Чемпионатнинг биринчи куни вазни 69 кг.гача бўлган боксчилар ўртасида дастлабки баҳслар ўтказилди. 17-декабрь куни – 56 кг., - 60 кг., -64 кг., -69 кг., -81 кг. ҳамда +91 кг. вазн тоифаларида саралаш баҳслари ўтказилади.
Ўзбекистон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари 22-декабрь куни маълум бўлади.