«Насаф» ўз олдига улкан мақсадларни қўйган клуб. Жамоа янги мавсумда бир йўла 3та мусобақа - ОЧЛ, Ўзбекистон чемпионати ва кубогида кураш олиб боради. Қаршиликлар бу мусобақаларда муваффақиятга эришишни ният қилганлар ва энг муҳими,
бу ишни ёш иқтидорлар эвазига амалга оширишни кўзламоқдалар. Улуғбек Дадабоев мана шундай футболчилар сирасига киради. Ўтган мавсум ўринбосарлар таркибидан асосий жамоага ўтказилган Улуғбекнинг дебюти «Локомотив»га қарши ўйинга тўғри келганди. Ўша учрашув «Насаф» учун мавсумдаги энг муҳимларидан бири эди. Шунга қарамай, жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ёш футболчини майдонга туширди. Бу албатта, ёшларга эътибор кучайтирилгани ва уларга ишонч билдирилишидан далолат эди. Улуғбек Дадабоев шундан сўнг «Насаф» таркибида яна 6та ўйинда иштирок этди. Мураббий ишончини оқлаган чоғи, янги мавсумга тайёргарликни ҳам асосий жамоа билан бошлади.
- Улуғбек, катта футболга кириб келгунга қадар ёшлар доирасида, сўнгра ўринбосарлар таркибида ўйнадингиз. Ҳамма ҳам бу йўлни охирига қадар босиб ўтолмайди. Профессионал даражага кўтарилиш учун иқтидордан ташқари, яна нималар керак аввало...?
- Очиғи, бу саволингизга жавоб беришим анча қийин. Чунки ҳали катта футболда ўрнимни топдим, деб айтолмайман. Тўғри, мураббийлар ишонч билдиришди, ўтган мавсум олий лига ўйинларида майдонга тушдим. Энди бу ишончни оқлаш учун ўз ўйинимни яна-да кучайтиришим лозим. Шунинг учун астойдил ишлаяпман. Хуллас, ҳали қиладиган ишларим кўп.
- Шундай бўлса-да, ўтган мавсум илк марта «Локомотив»га қарши муҳим учрашувда майдонга тушдингиз. Демак, мураббийлар сизга ишонишади?
- Бунинг учун бош мураббийимиз Рўзиқул Бердиевдан ғоят миннатдорман. Ўша ўйин ўзимга нисбатан ишончни ошириш учун анча ёрдам берди.
- Жамоадаги дебютингиз шундай муҳим учрашувга тўғри келишини аввалдан билганмидингиз? Ўша кунги ҳаяжон ҳақида нима дея оласиз?- Майдонга тушишим ҳақида олдиндан айтишмаганди. Аввалига ўйин рўйхатидаги 18 нафар футболчи орасига кирганимни билдим. Хурсанд бўлдим ва ўйинга астойдил тайёрлана бошладим. Ич-ичимдан майдонга тушишга умид қилдим ва шунга яраша ишладим. Захирада қолганимдан сўнг яхшилаб чигалёзди машқларини бажардим. Аммо майдонга тушишга тайёрланишим кераклигини айтишганида, яхшигина ҳаяжон сезилди. Бироқ ўзимни тутишга ҳаракат қилдим, майдонга тушганимдан сўнг бироз вақт ўтгач, ҳаяжон ўтиб кетди. Иложи борича жамоам ўйинини бузиб қўймасликка интилдим.
- Шундан сўнг ҳам бир қатор ўйинларда ҳаракатландингиз. Умуман, «Насаф»да ёш футболчиларга эътибор қандай?
- Ажойиб. Жамоамиздаги ички муҳит жуда яхши, футболчилар ўзаро аҳил-иноқлар. Ҳамма бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилади, мураббийлар бизни тушунишади. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Футбол ўйнаш учун етарлича шароит бор. Бир ўйинчи учун керак бўладиган ҳамма нарса ошиғи билан тайёрлаб қў-йилган.
- Янаги йил сизга асосий таркибда ўйнаш учун кўпроқ имконият берилишига ишонасизми?- Ҳаммаси ўзимга боғлиқ. Агар яхши ишласам, ўзимни кўрсата олсам, албатта, ўйнайман. Мураббийимиз ҳар доим энг яхшиларни майдонга туширади. Шундай футболчи бўлсам, албатта, асосий таркибдан жой оламан.
- «Насаф»нинг асосий таркибида Эркин Бойдуллаев ва Илҳом Юнусов каби футболчилар билан рақобатлашишингиз лозим. Бундай рақобатдан чўчимайсизми?- Футболда рақобатсиз ҳеч ҳам иложи йўқ. У футболчининг ўсишига ёрдам беради. Бизнинг жамоамизда ҳам рақобат кучли. Муҳими, соғлом рақобат бор. Албатта, тажрибали футболчилардан ўрганишга ҳаракат қиламан, ҳар бир машғулот мен учун янги дарс! Эркин Бойдуллаев ва Илҳом Юнусовга ҳурматим баланд - улар нафақат яхши ўйнашади, яна инсоний хислатлари ҳам мукаммал. Хусусан, менга ҳар сафар ўз маслаҳатлари билан ёрдам берадилар. Бундай рақобатдан эса фақат наф кўриш мумкин.
- Асли тошкентликсиз, аммо пойтахт жамоаларида қолмагансиз. Нима, бу ердаги клублардан қизиқиш бўлмаганми?- Ўзим «Насаф»га ўтишни хоҳлаганман. 2011 йили жамоага таклиф қилишганди, дарҳол уни қабул қилдим. Ўша йили ўринбосарлар таркибида тўп сурдим. 2012 йили жароҳатланиб, узоқ вақт ўйнолмадим. Ўтган йилнинг биринчи ярмини ҳам ўринбосарлар таркибида ўтказдим, иккинчи даврадан асосий жамоага жалб этишди. «Насаф»даги меҳнатларим самара бераётганидан хурсандман. Насиб қилса, келажакда асосий таркибга кириб, жамоа билан ғалабаларга эришаман. Зеро, бу ерда ёшларга эътибор жуда кучли.
- «Насаф» келгуси йили Осиё Чемпионлар Лигасида иштирок этади. Бу мусобақадан нималарни кутмоқдасиз?
- Имкон қадар яхшироқ иштирок этамиз, деб умид қиламан. Қаршилик мухлисларни хурсанд қиладиган ўйин намойиш қилишимизга кўзим етади. Жамоамиз бунга тайёр. Биз мухлислар учун ўйнаймиз. Чемпионлар Лигасига йўлланма олишнинг ўзи катта гап. Энди бу мусобақада муносиб иштирок этиш учун ҳам бор кучимизни сарфлаймиз.
Зафар ҚОСИМОВ суҳбатлашди