Кириш Регистрация
14/11 05:00 Уругвай - Колумбия
14/11 05:00 Перу - Чили
14/11 14:10 Австралия 0-0 Саудия Арабистони
14/11 17:00 КХДР 2-3 Эрон
14/11 19:00 Баҳрайн 0-1 Хитой
14/11 19:00 Кувайт 1-3 Жанубий Корея
14/11 21:00 Уммон 1-0 Фаластин
14/11 21:15 Ироқ 0-0 Иордания
14/11 21:15 Қатар 3-2 Ўзбекистон
14/11 21:15 БАА 3-0 Қирғизистон
15/11 02:00 Венесуэла 1-1 Бразилия
15/11 04:30 Парагвай 2-1 Аргентина
15/11 05:00 Эквадор 4-0 Боливия
15/11 17:00 Индонезия - Япония

Миржалол Қосимов: «Ёшлардан умидимиз катта»

Баҳо:
+ | -

Ўтган ҳафтада «Бунёдкор» раҳбарияти яна икки нафар футболчи билан расман шартнома имзолади. Ўн уч йилдан буён «Нефтчи» жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келган ярим ҳимоячи Мансур Саидов ҳамда «Навбаҳор» чап қанот ҳимоячиси Рустам Аъзамов янги мавсумни «қалдирғочлар» сафида бошлашади. Бунгача «Бухоро» ҳужумчиси Воҳид Шодиев, «Нефтчи» ҳимоячиси Шукурали Пўлатов, «Гулистон» ҳимоячиси Бобуржон Акбаровлар «қалдирғоч»га айланишганди. Шунингдек, икки йилдан бери «Гулистон» жамоасига устозлик қилиб келган Бахтиёр Ашурматов ҳам Ўзбекистон чемпиони мураббийлари штабига қўшилди. Шу кунларда жамоа машғулотлари «Бунёдкор» стадионида давом этмоқда. Биз якшанба кунги машғулотлардан сўнг бош мураббий Миржалол Қосимовдан интервью олдик.

- Машғулотлар одатдагидек давом этмоқда. Илк йиғин бўлгани учун асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ва функционал ҳолатларини тиклашга қаратилган. Таркибда катта ўзгаришлар бўл­япти. Буни нормал ҳолат деб биламан. Мисол учун, ўтган йили жамоамизни 14 нафар футболчи тарк этганди. Мана бу йил ҳам асосий таркибнинг 50 фоиз ўйинчилари фаолиятларини бошқа клубларда давом эттиришга қарор қилишди. Футболчиларнинг бундай «катта кўчиш»и рўй берганда клуб раҳбарияти ва айниқса, мураббийларга осон бўлмайди. Кетганларнинг ўрнини муносиблари билан тўлдириш бир муаммо бўлса, уларнинг янги муҳитга мослашиб кетиши иккинчи муаммо. Таркибга келиб қўшилган ҳамма янги футболчилар ҳам жамоа ўйинига тезда киришиб кета олишмайди. Шу йил бошида Пишурга қойил қолгандим. Худди 2-3 йилдан бери шу таркиб билан бирга ўйнаб юргандек, тезда жамоа ўйинига мослашиб кетганди. Энди бундай ҳолатлар кам бўлади. Таркибдаги йўқотишлар бу билан тўхтаётгани йўқ. Артём Филипос­ян ҳам «Бунёдкор»ни тарк этиш ниятида юрибди. У фаолиятини хориж клубида давом эттирмоқчи. Ўзи билан бу ҳақда гаплашдим, Хитой жамоаларидан таклиф бўлаётганини айтди. Агар Хитой варианти ўхшамаса, «Бунёдкор»да қолишини маълум қилди. Режага кўра, Тошкентда янги йилгача машғулот ўтказамиз. Шу йиғин доирасида иккита ўртоқлик учрашуви ўтказишни режалаштирганмиз. 3 январь куни тартиб бўйича иккинчи йиғинимиз бошланади ва Тошкентда икки ҳафта давомида жисмоний машғулотларга зўр берамиз. 18 январь куни эса илк хориж йиғинини ўтказиш учун БААга жўнаб кетилади. Амирликлардаги йиғин 1 февралгача давом этади. Режа бўйича 22 январь куни «Шахтёр», 25 январда «Динамо», 30 январь санасида «Спартак» клубларига қарши назорат ўйинлари ўтказилади. Москванинг икки клуби билан келишиб бўлдик. Айни пайтда Украина чемпиони билан музокара давом этяпти. Ўша пайтда «Брондбю» жамоаси ҳам Дубайда йиғин ташкил этаркан. Балки, Дания клуби билан ҳам ўртоқлик ўйини ўтказармиз. Иккинчи хориж йиғинимиз эса 4-17 февраль кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилади. У ерда 6та ўртоқлик учрашуви ўтказиш режага киритилган. Менга ҳозир Анталияда ўйнашимиз мумкин бўлган клубларни таклиф этишяпти. Улар орасидан энг мақбулларини танлаймиз.

- Машғулотларда тажрибали Павел Бугало ҳамда «Гулистон» жамоаси ҳужумчиси Алишер Шоғуломовга кўзимиз тушди. Уларни ҳам янги мавсумда «Бунёдкор» либосида кўрамизми?

- Бугалонинг мавсумни «Бунёдкор»да бошлаши аниқ бўлди. Ўзи билан бу ҳақда гаплашиб олдик. Унга биринчи рақамли дарвозабон бўлиши мумкинлигини, лекин бунга фақат ўз ҳаракати билан эриша олишини тушунтирдим. Бугалога «Андижон» жамоасидан таклиф бўлаётганди. Пашанинг ўзи ҳам бор имкониятини ишга солиши ва ишончни оқлашга ҳаракат қилишини айтди. Кейин унга фаолиятини якунлаганидан сўнг клуб академиясида мураббий бўлиб ишлаш таклифини бердим. Бугалонинг ўзи ҳам оиласи билан Тошкентда қолмоқчи. Энди ким кучли бўлса, ўша футболчига ишонч билдираман. Бу ҳамма футболчиларга тегишли гап. Кейин ўтган мавсумни жароҳати сабабли ўтказиб юборган «Насаф» ярим ҳимоячиси Жаҳонгир Жиямуродов ҳам фаолиятини «Бунёдкор»да давом эттириши мумкин. Анзур Исмоилов ва Шавкат Саломовга спорт формаларини ушлаб туришлари учун жамоа билан бирга машғулот ўтказишга рухсат бердик. Фақат ҳамма билан бир хилда машғулотда қатнашасизлар, бир кун келиб, икки кун дам олиш деган нарса йўқ, деб шарт қўйдик.

- Фахрий футболчилардан Хайрулла Каримов фаолиятини якунламоқчи эмасми?

- Йўқ. Ҳали Хайрулланинг жамоага кўп фойдаси тегади. Кўплаб ёш футболчилар билан шартнома имзоладик. Уларнинг ўсишида Каримовга ўхшаган тажрибали ўйинчилар керак бўлади.

- Бахтиёр Ашурматовнинг мураббийлар штабидаги роли қандай бўлади? Бири неча йиллик ёрдамчиларингиз - Ҳикмат Эргашев ва Мурод Отажонов жамоада қолишадими?

- Бахтиёрнинг келиши уларга таъсир қилмайди. Ашурматов «Бунёдкор»да ўйнаган, маълум муддат мураббий бўлиб ишлаган. «Гулистон»да ҳам шундай қийин шароитда яхши жамоа шакллантира олди. Биринчи даврада кўрсатган натижалари таҳсинга лойиқ. У асосий ва ўринбосарлар таркибида ҳам бирдек ишлайди. Қолаверса, ҳозир PRO мураббийлик гувоҳномасига ҳам ўқияпти.

- Бу йил Сардор Рашидов, Дилшод Жўраев, Алибобо Раҳматуллаев сингари ёш ўйинчилар асосий таркиб футболчиларига айланишди. Рашидов ҳатто миллий терма жамоада ҳам ўзини кўрсата бошлади. Янги мавсумда шундай ёшлардан яна кимларга умид боғлаяпсиз?

- Ҳозирда асосий таркиб билан бирга Сардор Собирхўжаев, Забиҳилло Ўринбоев, Миржамол Қосимов, Жавлон Мир­абдуллаев, Ҳасан Асқаров каби ўринбосарлар жамоаси футболчилари машғулотларда иштирок этишяпти. Камронбек Кападзе эса бироз бетоб бўлиб қолганлиги учун ҳозир даволаняпти. Умуман, шу ёшлардан умидим катта.

- Игнатий Нестеровнинг асосий рақиб - «Локомотив»га ўтиб кетганини қандай қабул қилдингиз?

- Оддий. Футболчини мажбурлаб ўйнатиб бўлмайди. Шартномаси якунланганди, боз устига «Локомотив»дан яхши таклиф тушди. Бунга қаршилик қилмадик. Анвар Ғофуров ҳам худди шундай йўл танлади. Улар ёш бола эмаску, ўзлари қарор қабул қилишди

- Легионерлар масаласи кун тартибида турибдими?

- Бир неча легионерларнинг номзодини ўрганиб чиқяпмиз. Уларни БАА ва Туркиядаги йиғинларимизга таклиф этиб, синовдан ўтказамиз. Хорижлик футболчилар масаласида эҳтиёт бўлишимиз керак. Битта марказий ҳимоячи ва марказда ўйнайдиган ярим ҳимоячига муҳтожмиз. Шу икки чизиқ ҳар қандай шароитда кучайтирилиши шарт. Кейин осиёлик футболчи вариантини ҳам кўриб чиқяпмиз. Марко Блажич эса жамоани тарк этди.

- Мансур Саидов ва Шукурали Пўлатовнинг «Бунёдкор»га ўтишини Юрий Саркисян билан боғлашяпти. Гап-сўзларга қараганда, Юрий Вазгенович сизнинг жамоангизда маслаҳатчи - мураббий вазифасида ишлар экан. Шу маълумот ростми?

- Инкор этмайман. Юрий Вазгенович бой тажрибага эга мутахассис. Унинг тажрибасидан фойдаланиш керак. Шу мақсадда уни маслаҳатчи - мураббий лавозимига таклиф қилганмиз. Лекин бу ҳали расман амалга ошмади.

Манба: www.interfutbol.uz
Киритилди: 12:14, 24.12.2013.
Ўқилди: 3971 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.